Капиталбанк Ўзбекистонда биринчи бўлиб халқаро ISO/IEC 27001:2022 ва ISO/IEC 27701:2019 сертификатларини қўлга киритди. Ушбу сертификатлар банкнинг ахборот хавфсизлиги ва шахсий маълумотлар махфийлигини бошқариш бўйича юқори даражадаги ҳимояси ҳамда рискларни самарали бошқаришини тасдиқлайди.
Банк бир асрдан ортиқ вақт давомида ISO стандартлаштириш билан шуғулланиб келаётган энг нуфузли халқаро ташкилотлардан бири BSI Group аудитидан муваффақиятли ўтди. Замонавий халқаро стандартларнинг жорий этилиши Капиталбанкка мижозлар ва ҳамкорларнинг маълумотларини юқори даражада ҳимоя қилиш ҳамда ахборот хавфсизлиги ва махфийлик бўйича халқаро талабларга жавоб бериш имконини беради.
"Капиталбанкнинг ахборот хавфсизлиги стандартларининг халқаро даражада тан олиниши — мижозлар, ҳамкорлар ва инвесторлар ишончини янада мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим ютуқдир. Ушбу сертификатлар банкнинг ахборот хавфсизлиги рискларини самарали бошқаришини ва маълумотларни ҳимоя қилиш учун зарур барча чора-тадбирларни амалга ошираётганини тасдиқлайди. Биз жараёнларни доимий такомиллаштириш ва мижозларимиз учун юқори даражадаги хавфсизликни таъминлашга интиламиз, деб таъкидлади Капиталбанк Бошқаруви Раиси Кирилл Маевский.
ISO стандартлари ҳақида
ISO/IEC 27001:2022 — ахборот хавфсизлигини бошқариш тизими (ISMS – Information Security Management System) учун талабларни белгилайдиган халқаро стандарт. Ушбу стандарт бўйича сертификат олиш ташкилотнинг ахборот хавфсизлигини таъминлашга содиқлигини ва меъёрий талабларга мувофиқлигини тасдиқлайди.
ISO/IEC 27701:2019 — шахсий маълумотларни бошқариш тизими
(PIMS – Personal Information Management System) учун халқаро стандарт бўлиб, у шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш бўйича талабларнинг бажарилишини тасдиқлайди. Ушбу сертификат ахборот хавфсизлигини бошқариш (ISO/IEC 27001) ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш чораларига (ISO/IEC 27002) асосланиб, шахсий маълумотларни бошқариш бўйича батафсил йўриқнома беради.
BSI Group ҳақида
British Standards Institution (BSI) — Буюк Британиянинг етакчи стандартлаштириш ташкилоти бўлиб, манфаатдор томонларнинг фикрини уйғунлаштириш ва уларнинг қабул қилинишини мувофиқлаштириш асосида халқаро стандартларни ишлаб чиқади. BSI Халқаро Стандартлаштириш Ташкилоти (ISO) нинг расмий аъзоси ҳисобланади. 100 йилдан ортиқ тарихга эга бўлган BSI миллий стандартлаштириш органидан глобал даражадаги стандартлаштириш, таълим ва сертификатлаштириш бўйича муҳим рол ўйнайдиган ташкилотга айланди. Сўнгги 10 йил ичида BSI ўз мавқеини янада мустаҳкамлаб, KPMG, First Advantage Supply Chain Security Division, Eurocat, NIZ Cert, Benchmark Certification (Австралия) ва Germanischer Lloyd (GLSC) каби йирик сертификатлаш компанияларини ўз таркибига қўшди.