Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2024 йил 16 декабрь куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида банклар иштирокида маҳаллаларда аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадли қилишга қаратилган устувор вазифалар белгилаб берилган эди. Ушбу мақсадларга эришиш учун банклар молиявий жиҳатдан мустаҳкам бўлиши, ташқи манбалардан 6 млрд доллар жалб қилиши муҳимлиги таъкидланганди.
“Трастбанк” хусусий акциядорлик банки бу борада зарур чора-тадбирларни амалга оширишда қатор халқаро молия институтлари билан ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаб келмоқда. Хусусан, Ислом тараққиёт банки гуруҳи билан доимий равишда ҳамкорлик қилиб, мижозларнинг лойиҳаларини молиялаштириш учун қўшимча имкониятлар тақдим этмоқда.
Фото: Трастбанк
2025 йил 19 март куни Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида “Трастбанк” ХАБ ва Халқаро Ислом савдо-молия корпорацияси делегацияларининг учрашуви бўлиб ўтди. Унда ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, амалдаги саъй-ҳаракатларни янги босқичга олиб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув доирасида ушбу мақсадларга қаратилган яна бир ҳужжат имзоланди. “Трастбанк” ХАБ ва Халқаро Ислом савдо-молия корпорацияси ўртасида 20 млн АҚШ доллари миқдоридаги икки томонлама битим имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Фото: Трастбанк
Мазкур ҳужжатга кўра, банк томонидан кўрсатилаётган хизматлар кўлами кенгайтирилади, тадбиркорлик ва кичик бизнес жадал ривожлантирилади. Шунингдек, ушбу маблағлар озиқ-овқат, текстиль, фармасевтика, умумий овқатланиш, хизмат кўрсатиш ва бошқа шу каби соҳаларга йўналтирилади. Бунинг натижасида бу тизимлар янада кенгаяди ва энг муҳими, янги иш ўринлари яратилади.