Бизнесни ривожлантириш банки 2024 йилдаги фаолияти бўйича ҳисобот берди

19.03.2025 13:48

354

Кеча, 18 март куни Тошкентдаги “Hyatt regency” меҳмонхонасида Бизнесни ривожлантириш банкининг 2024 йилдаги фаолияти якунларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. “БРБ дўстлари” клуби доирасида ўтказилган тадбирда банкнинг асосий иқтисодий кўрсаткичлари, коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди.

Фото: Бизнесни ривожлантириш банки

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 июндаги “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида давлат органлари ва ташкилотлари 1 апрелга қадар ўтган йилдаги ўз фаолиятига оид ҳисоботни жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш учун матбуот анжуманларини ўтказиши белгиланган. 

Шунга мувофиқ, кеча, 18 март куни “Hyatt regency” меҳмонхонаси тадбирлар залида ташкил этилган матбуот анжуманида Бизнесни ривожлантириш банки вакиллари 2024 йилдаги фаолияти юзасидан жамоатчиликка ҳисобот берди

Фото: Бизнесни ривожлантириш банки

Банк томонидан норасмий мулоқот платформаси сифатида ташкил қилинган “БРБ дўстлари” клуби доирасида ўтказилган тадбирда банк эришган асосий иқтисодий кўрсаткичлар, бизнес ривожи учун йўналтирилган сармоялар, халқаро ҳамкорлик натижалари ва татбиқ қилинган лойиҳалар ҳақида ахборот берилди. 

Қайд этилишича, 2025 йил 1 январь ҳолатига банкнинг умумий капитали йил бошига нисбатан 35,1 фоизга ўсиб 4 трлн 295 млрд 500 млн сўмга етган. Шунингдек, банкнинг даромад келтирувчи активлари йил бошига нисбатан 12,8 фоизга ўсган. 

Фото: Бизнесни ривожлантириш банки

Матбуот анжуманида таъкидланишича, Бизнесни ривожлантириш банки аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш, камбағалликни қисқартиришга қаратилган аниқ манзилли иқтисодий ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси бўлиб келмоқда.

Банкнинг кредит қўйилмалари 22 трлн 530 млрд 800 млн сўмга етди. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 730 млрд 200 млн сўмга ёки 3,3 фоизга ўсишига эришилди. Банк 2024 йилда барча манбалар ҳисобидан 7 трлн сўм миқдорида кредит маблағлари ажратди. 

Фото: Бизнесни ривожлантириш банки

“Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш” комплекс дастурининг асосий таянч банки сифатида кичик бизнесни қўллаб-қувватлашга, янги иш ўринлари ва аҳоли учун қўшимча даромад манбаларини яратишга сармоялар киритмоқда. Хусусан, Дастур доирасида 17 676 та тадбиркорга 1,7 трлн сўм кредит йўналтирилган.

Бизнесни ривожлантириш банкига республика бўйича бириктирилган 648 та маҳаллаларда ўтган йилда жами 1 трлн 500 млрд сўм кредит ажратилган. Натижада 473 минг нафар аҳоли бандлиги таъминланди. Шундан 70 минг нафари доимий ишга жойлаштирилди ва 403 минг нафари тадбиркорликка жалб қилинди.

Фото: Бизнесни ривожлантириш банки

Хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш мақсадида 18 866 нафар аёлларга 919,8 млрд сўм, банкка бириктирилган маҳаллаларда 1 868 нафар аёлларга 122,9 млрд сўм кредит ажратилди. Натижада 3 862 та янги иш ўрни яратилди. 

Банк ва Япониянинг Ямагата университети ҳамкорлигида ишга туширилган “Biznes-portal.uz” платформаси орқали 10 минг нафар тадбиркор ўқитилди. Саралаб олинган 24 нафар маҳаллий менторлар Японияда малака ошириб, халқаро сертификатга эга бўлди. 

Фото: Бизнесни ривожлантириш банки

Шунингдек, ўтган йили банк томонидан 112,3 млн АҚШ доллари миқдоридаги хорижий кредит линиялари маблағлари жалб қилинди.

Мулоқотда банк тизимида коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, томорқа бизнесини ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар ҳақида ҳам тақдимотлар ўтказилди. 

Фото: Бизнесни ривожлантириш банки

Банк ҳисоботи ва тақдимотлар қизғин муҳокама қилинди. Оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди ҳамда банк фаолиятига доир таклифларини билдиришди. 


Теглар:

#Бизнесни_ривожлантириш_банки#БРБ_дўстлари

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган