Январь-февраль ойларида жисмоний шахслар учун кредит ставкалари ўтган йилга нисбатан пасайди

14.03.2025 18:26

418

Январь-февраль ойларида жисмоний шахслар учун миллий валютадаги кредитларнинг ўртача тортилган ставкаси 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 0,3 фоизга пасайиб, 24,1 фоизни ташкил қилди. Юридик шахслар учун сўмдаги кредит ставкалари 0,4 фоизга арзонлаб, 22,5 фоизга тенг бўлди.

Фото: Bankers.uz

Марказий банк маълумотларига кўра, 2025 йилнинг дастлабки икки ойида жисмоний шахслар учун миллий валютадаги кредитлар бўйича ўртача тортилган ставка ўтган йилнинг мос давридаги 24,4 фоиздан 24,1 фоизга пасайган. 

Шунингдек, бизнес учун кредитларнинг ўртача тортилган ставкаси 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 0,4 фоизга пасайиб, 22,5 фоизни ташкил этган.

Жисмоний шахсларнинг муддатли депозитларининг ўртача ставкаси 2024 йилнинг октябрь ойидан буён 22,1 даражада сақланиб қолмоқда. Бироқ, ўтган йилнинг февраль ойи билан солиштирилганда, депозит ставкалари 0,2 фоизга пастлаган.

Юридик шахслар учун сўмдаги депозит ставкалари эса 2024 йил мос даврига нисбатан 1 фоизга пасайди ва 16,9 фоизга тенг бўлди.

Инфографика: Марказий банк

Хориж валютасидаги депозит ва кредитлар

Январь-февраль ойларид жисмоний ва юридик шахслар учун хорижий валютадаги депозитларнинг фоиз ставкаларида пасайиш кузатилмоқда. Юридик шахсларнинг муддатли депозитлари ўтган йил февралидаги 4,6 фоизни ташкил қилган бўлса, 2025 йил февралида бу кўрсаткич 4,1 фоизгача пасайди. Жисмоний шахсларнинг муддатли депозитлари ҳам худди шу давр ичида 5 фоиздан 4,8 фоизга камайди.

Хориж валютасидаги қисқа муддатли кредит фоиз ставкалари 10,5 фоизни ташкил қилиб, 2024 йил февралига нисбатан 0,7 фоизга тушди. Узоқ муддатли кредитлар ставкаси эса 2024 йил охиридан ошишни бошлаб 2025 йил февралида 10,4 фоизга тенг бўлди. 

Инфографика: Марказий банк

Теглар:

#кредит_фоизи#депозит

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган