Марказий банкнинг Банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизмати томонидан ҳуқуқлари бузилган истеъмолчиларнинг шикоятларини ўрганиш натижаларига асосан уларга умумий 2,5 млрд сўмдан ортиқ молиявий наф келтирилди. Бу ҳақда Марказий банкда журналистлар билан бўлиб ўтган медиа-мулоқотда маълумот берилди.
Медиа-мулоқотда таъкидланишича, 2018 йилдан буён Марказий банк тузилмасида Банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизмати фаолият юритмоқда. Ушбу бўлинма томонидан 2024 йилда бир қатор ишлар амалга оширилган.
Хусусан, “Business & Finance Consulting” (Швейцария) билан ҳамкорликда “Сирли мижоз” усулида 15 та банкнинг 73 та филиалида хизмат кўрсатиш сифати ўрганилган.
Ўрганиш натижасида хизмат кўрсатиш шароити ва ходимларнинг муносабати яхшилангани қайд этилди, бироқ маълум йўналишларда шаффофлик ва зарурий ахборотни тақдим этиш борасида камчиликлар аниқланди. Уларни бартараф этиш бўйича банкларга аниқ кўрсатмалар берилди.
Шу билан бирга, тижорат банкларининг жойлардаги муассасаларида базавий хизматлар кўрсатилишининг амалдаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя қилиниши ҳолатлари юзасидан банк муассасаларида 1 008 та назорат тадбирлари амалга оширилган.
Назорат тадбирларида қоидабузарликларга йўл қўйган ходимларга нисбатан тижорат банклари томонидан 647 та интизомий жазо чоралари қўлланилди.
2025 йилда банк мижозларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича рискка асосланган назорат тизимини жорий этиш, шикоятларни кўриб чиқиш жараёнини такомиллаштириш ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш йўналишлари бўйича банкларда ички назоратни йўлга қўйиш юзасидан талаблар ишлаб чиқиш режалаштирилган.