Учта ҳудудда қарийб 195 минг долларлик қалбаки пуллар муомалага киритилиши олди олинди

11.03.2025 12:49

193

Жиззах вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда 51 минг АҚШ доллари миқдоридаги, Тошкент шаҳрида жами 105 минг доллар миқдоридаги ва Наманган вилоятида эса 38,8 минг доллар миқдоридаги қалбаки купюралар муомалага киритилишининг олди олинди. Барча ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Иллюстратив фото: Bankers.uz

Жиззах ва Наманган вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида қарийб 195 минг қалбаки АҚШ долларининг муомалага киритилишининг олди олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати расмий Телеграм каналида маълумот берилди.

Маълум бўлишича, Тошкент вилоятида яшовчи, 1999 йилда туғилган фуқаро ва унинг Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи, 1998 йилда туғилган шериги ижтимоий тармоқлар орқали Жиззах шаҳрида яшовчи фуқаронинг ишончига кириб, унга сохта 100 АҚШ доллар купюрали жами 50 минг АҚШ долларини 65 млн сўмга сотишга келишишган.

Шундан сўнг улар Жиззах шаҳрига бориб, харидор билан телефон орқали мулоқот қилиб, унга қалбаки пулларни шаҳар ҳудудидаги хуфия жойга қолдириб кетишларини айтиб, келишилган суммадан 39 млн 200 минг сўмни олдиндан пластик карта орқали олган.

Аммо, улар қалбаки валюталарни белгиланган жойга қолдирмасдан, харидорни алдаб, Тошкент шаҳрига қайтиб кетаётган вақтларида ДХХ ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари томонидан Дўстлик туманида ушланди. Улар кетаётган автомашина салонидан қалбаки 51 минг АҚШ доллари ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.

Шунингдек, Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда Бухоро вилоятида яшовчи, 1949 ва 1984 йилларда туғилган 2 нафар шахс ҳамда Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи, 1981 йилда туғилган фуқаро ўзаро тил бириктириб, чет давлатда тайёрланган, ҳар бири 100 купюрали қалбаки 50 минг АҚШ долларини ҳақиқий 25 минг АҚШ долларига сотган вақтларида қўлга олинган. Маълумотларга кўра, уларнинг учаласи ҳам муқаддам судланган.

Тошкент шаҳрида қайд этилган яна бир ҳолатда, Хоразм вилоятининг Хазорасп туманида яшовчи, 1997 йилда туғилган шахс хориждан келтирилган 50 ва 100 АҚШ доллари купюрали қалбаки 45 минг АҚШ долларини харидорга ҳақиқий 25 минг АҚШ долларига сотган вақтида ушланди.

Бошқа ҳолатда эса Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи, 1983 й.т. шахс ва Тошкент вилоятининг Паркент туманида яшовчи, 1994 й.т., муқаддам судланган фуқаро қалбаки 10 минг АҚШ долларини харидорга ҳақиқий 8 минг АҚШ долларига сотган вақтларида қўлга олинган.

Шу каби, Наманган вилоятининг Чортоқ туманида яшовчи, 1991 й.т., муқаддам судланган шахснинг кўрсатмаси бўйича – унинг 1995 ва 2001 йилларда туғилган 2 нафар шериги қалбаки 30 минг АҚШ долларини харидорга ҳақиқий 19 500 АҚШ долларига сотган вақтларида қўлга тушган.

Наманган шаҳрида истиқомат қилувчи, 1991 й.т. фуқаронинг яшаш хонадони кўздан кечирилганда 88 дона 50 АҚШ доллари купюрали ва 44 дона 100 АҚШ долллари купюрали, жами қалбаки 8800 АҚШ доллари борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинди.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани айтилди.

Теглар:

#доллар#қалбаки_пуллар

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган