Тижорат банклари 1,3 миллион нафар аёл бандлигини таъминлашда кўмаклашади

07.03.2025 14:44

342

Президент топшириғига кўра, Ўзмиллийбанк 200 минг, Микрокредитбанк 160 минг, Ўзсаноатқурилишбанк 160 минг, Халқ банки 150 минг, Туронбанк 150 минг, Агробанк 144 минг, Бизнесни ривожлантириш банки 94 минг, Асакабанк 82 минг, Алоқабанк 58 минг нафар аёлларни банкка бириктирилган йўналишларда иш билан таъминлашга, Халқ банки 100 минг нафар аёлни ўзини ўзи банд қилишга кўмаклашади. Шу мақсадда бу йил қўшимча 3,3 триллион сўм ажратилади.

Фото: Норма

Давлат банклари аёллар бандлигини таъминлашда кўмаклашади. Бунда ҳар бир тижорат банкига йўналишлар белгилаб берилди. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида маълум қилди.

Президент томонидан маросимда ёлларни безовта қилаётган энг катта масала, бу – ишсизлик экани таъкидланди. Шу боис, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликка жалб этиш бўйича катта дастурларни амалга оширилмоқда. Ўтган йилнинг ўзида бу мақсадларга 17 трлн сўм кредит ажратилган.

"Бу йил 2 млн нафар аёллар бандлигини таъминлаш, шундан 1 млн 300 минг нафар хотин-қизни тадбиркорликка жалб этиш бўйича катта марралар олганмиз. Бунинг учун тижорат банклари томонидан аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш учун қулай молиявий пакетлар тақдим этилади", деди Президент.

Мисол учун, “Ўзмиллийбанк” (А.Мирсоатов) хизматлар соҳасида камида 200 минг нафар хотин-қизнинг лойиҳаларига кўмаклашади. “Туронбанк” АТБ (Ч.Мирзаев) лимончиликда 150 минг нафар аёллар даромад топиши учун арзон кредитлар тақдим этади.

Худди шунингдек, “Микрокредитбанк” АТБ (О.Бўтаев) паррандачиликда – 160 минг нафар, “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ (А.Акбаржонов) сабзавот ва кўчатлар етиштиришда – 160 минг, “Халқ банки” (Ш.Отабоев) узум, брокколи ва маҳаллий карам етиштиришда – 150 минг, “Агробанк” (Э.Қахоров) боғдорчилик йўналишида – 144 минг, “Бизнесни ривожлантириш банки” (С.Аннакличев) кўкат, булғор қалампири, бақлажон ва помидор етиштиришда – 94 минг, “Асакабанк” (Қ.Тўлаганов) фармацевтика ва узумчиликда – 82 минг, “Алоқабанк” (К.Ирисбекова) IT, асаларичилик ва мевали экинлар етиштиришда 58 минг нафар аёлларимизни банд этишга кўмаклашади.

Шу мақсадда бу йил маҳаллаларда аёллар тадбиркорлиги лойиҳалари учун қўшимча 3,3 трлн сўм ажратилади. Хусусан, оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида яна 100 млн доллар берилади. Бунга қўшимча равишда тижорат банклари ҳам 100 млн доллар жалб қилиб, маҳаллаларда ўзини ўзи банд қилган хотин-қизларга 50 млн сўмгача гаровсиз кредитлар ажратади.

Ўтган йили ташкил этилган “Ҳамроҳ” компанияси янги тизим асосида Тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш дастурини бошлаган эди. Бу лойиҳага ҳам 100 млн доллар ажратганмиз. Кредитини вақтида тўлаган аёл тадбиркорларга ушбу дастур доирасида 100 млн сўмгача гаровсиз кредит беришни бошлаймиз. - деган Президент.

Шунингдек, маҳаллада 5 нафар аёлни бизнесга олиб кирган 1 минг нафар “устоз” тадбиркорларга 50 млн сўмгача грант ажратилади.

Марказий банк (Т.Ишметов) тижорат банклари билан бирга икки ой муддатда банкларда хотин-қизлар учун янгича ёндашув асосида молиявий хизматларни йўлга қўйиш учун масъул бўлади.

Масалан, туғруқ таътилига чиққан аёллар учун банк кредитлари бўйича тўловлар муддати 10 ойгача узайтирилади.

Энди аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича 4 босқичли янги тизим йўлга қўйилади.

Биринчи босқичда бизнесга қизиққан, лекин кўникмаси бўлмаган 20 минг нафар хотин-қиз тадбиркорликка ўқитилади. Бунга Савдо-саноат палатаси (Д.Ваҳобов, Н.Шотурсунова) масъул бўлади.

Иккинчи босқичда “Халқ банки” (Ш.Отабоев, Г.Рашидова) ўзини ўзи банд қилган 100 минг нафар аёлнинг кичик тадбиркор бўлиши учун кўмаклашади.

Учинчи босқичда ҳар бир туманда 2 тадан кичик корхонани намунали ўрта бизнес даражасига олиб чиқишга “Ҳамроҳ” компанияси (Д.Нурматова) масъул бўлади.

Тўртинчи босқичда Савдо-саноат палатаси (Д.Ваҳобов) энг фаол 50 нафар аёл тадбиркорни йиллик айланмаси 100 млрд сўмдан ошадиган “чемпион тадбиркор”га айлантиради.

Жорий йилда 60 та туманни “ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудуд”га айлантириш бўйича катта марра олганмиз. Бунга қўшимча равишда ҳокимлар ҳар бир вилоятнинг 2 тадан туманини ишсиз аёллар қолмайдиган ҳудудга айлантириш учун масъул бўлади.

Умуман, 2025 йил аёллар бандлигини таъминлашда ҳал қилувчи йил бўлади. Хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш, ишли қилиш ва тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобидан 2 млн нафар аёлнинг бандлиги таъминланади.

Бунда Марказий банк (Т.Ишметов) тижорат банклари билан 1 млн 300 минг нафар, Касаба уюшмалари федерацияси (Қ.Рафиқов) “Аёллар дафтари”га киритилган 636 минг, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси (З.Маҳкамова) тадбиркорлик қилиш истагида бўлган 100 минг нафар хотин-қизни ўқитиб, иш билан таъминлаш ва бизнесини очишга кўмаклашиш учун масъул бўлади.

З.Маҳкамова, Қ.Рафиқов ҳар бир йўналиш бўйича белгиланган вазифалар ижросини вилоят, туман, маҳалла даражасида самарали ташкил этишга масъул бўлиши белгиланди.


Теглар:

#Президент#аёллар

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган