Етакчи маҳаллий веб-сайт яратувчилардан бири Pixelcraft компанияси сайтларнинг функционал имкониятларини яхшилаш мақсадида ўз мижозлари учун қўшимча воситаларни ишлаб чиқишда давом этмоқда. Бу сафарги ўзгаришлар Марказий банк расмий веб-сайтига тааллуқли бўлди. Эслатиб ўтамиз, регуляторнинг амалдаги сайти Pixelcraft компанияси томонидан ишлаб чиқилган ва 2020 йилнинг апрель ойида ишга туширилганди.
Жорий модернизация "Пул-кредит сиёсати" бўлимини ўзгартириш ва сайтнинг янги интерактив имкониятларини ўз ичига олади. Асосий қўшимчалардан бири "Инфляция калькулятори" модули бўлиб, у фойдаланувчиларга маълум бир ихтиёрий вақт оралиғида инфляциянинг пул қийматига (харид қобилиятига) таъсирини баҳолаш имконини беради. Фойдаланувчи калькулятор ёрдамида даврни ва маълум бир пул миқдорини танлаш орқали Статистика агентлиги томонидан ҳисобланган истеъмол нархлари индексининг ойлик маълумотлари асосида маълум бир давр учун унинг якуний қийматини аниқлаши мумкин. Бундан ташқари, ҳисоб-китоблар натижасида ялпи инфляция, шунингдек, танланган давр учун инфляциянинг ўртача ойлик ва ўртача йиллик қиймати кўрсатилади.
Таъкидлаш жоизки, "Инфляция калькулятори" жисмоний шахслар учун ҳам, тадбиркорлар учун ҳам фойдали бўлади. У ҳаёт қиймати ўзгаришини башорат қилиш, иқтисодий тенденцияларни таҳлил қилиш ва янада асосли молиявий қарорлар қабул қилишга ёрдам беради. "Инфляция калькулятори" билан "Пул-кредит сиёсати" бўлимида, шунингдек, сайтнинг бош саҳифасида танишиш мумкин.
Бундан ташқари, "Пул-кредит сиёсати" бўлимига янги "Даромадлилик эгри чизиғи" кичик бўлими қўшилди, унга миллий валютадаги қарз инструментларининг нархлари ва сўндириш муддатлари ўртасидаги боғлиқликни акс эттирувчи график киритилди. Ушбу графикда давлат қимматли қоғозлари бўйича турли муддатларда кутилаётган даромадлилик кўрсатилган. Даромадлилик эгри чизиғи молия бозори иштирокчиларига келажакдаги иқтисодий шароитлар ва инфляция жараёнлари бўйича кутилмаларни шакллантириш имконини берувчи муҳим кўрсаткич ҳисобланади.
Шунингдек, "Пул-кредит сиёсати" бўлимидаги "Асосий ставка" кичик бўлими ҳам янгиланди. Ишлов берилиши лозим бўлган маълумотлар ҳажми узлуксиз кўпайиб бормоқда. Маълумот қанчалик кўп бўлса, уни қайта ишлаш шунчалик мураккаблашади. Шу сабабли, тақдим этилган маълумотларни визуаллаштириш механизми - интерактив график кўринишида қўшимча равишда жорий этилди. Маълумотларни визуал тарзда ифодалаш уларни кўриб чиқиш, таҳлил қилиш ва ўрганиш ҳамда шу асосда тўғри қарорлар қабул қилиш учун кам вақт ва куч сарфлаш имконини беради. Графикда асбоблар панели мавжуд бўлиб, унда вақт оралиғи, графикни акс эттириш созламалари, чизиш воситалари, техник таҳлил тўплами ва маълум бир давр учун маълумотларни кўрсатиш фильтри каби имкониятларни топиш мумкин.
Бундан ташқари, "Пул-кредит сиёсати" бўлимининг кичик бўлимлари ҳам такомиллаштирилди. "Пул-кредит сиёсати нашрлари" номли янги бўлим ва унинг 4 та кичик бўлими яратилди:
- Пресс-релизлар
- ПКС ҳисоботи
- ПКСнинг асосий йўналишлари
- Пул бозори ва ликвидлик шарҳи
Шунингдек, "Матбуот маркази" бўлимида янги "Онлайн трансляция" функцияси яратилди. Сайтнинг барча ташриф буюрувчиларини Марказий банкнинг реал вақт режимида ўтказиладиган ҳар қандай тадбири ҳақида хабардор қилиш учун "Ён маълумотлар панели" ишлаб чиқилди. Ушбу панель веб-сайтда онлайн трансляция пайтида пайдо бўлади. Бундан ташқари, ёзувда онлайн трансляциялар архивини кўриш имкониятига эга бўлган медиа-плеер ишлаб чиқилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг молиявий саводхонлик бўйича таълим веб-сайти Finlit.uz ахборот ресурси учун веб-контентни янада тушунарли ва идрок этиш учун қулай қилиш мақсадида кўриш қобилияти пастлар учун мўлжалланган веб-сайт версияси ишлаб чиқилди. Заиф кўрувчилар режими ёқилса, қуйидаги ўзгаришлар кучга киради:
- Шрифтлар катталашади ва ўқилиши осонлашади.
- Матн фонда яхшироқ ажралиб туриши учун контрастлик оширилади.
- Матннинг ранги фойдаланувчининг эҳтиёжларига мос равишда ўзгартирилади.
Шундай қилиб, ушбу модернизация заиф кўрувчи инсонларга сайтдан қулай фойдаланиш имконини беради. Бу жуда муҳим, чунки бу уларга молиявий саводхонлик бўйича билимларини ошириш, шунингдек, моддий фаровонликка эришиш учун зарур бўлган фойдали одатларни ривожлантириш имконини беради.
Таъкидлаш жоизки, сайт хавфсизлигига қўйиладиган талабларнинг кучайиши ва "Киберхавфсизлик маркази" ДУК тавсияларига мувофиқ, потенциал таҳдидларнинг янги турларига қарши курашиш учун CMS "1C-Битрикс: Сайтни бошқариш" мунтазам равишда янгилаб борилади. Янгилаш тўплами 1C-Битрикс дастурий таъминот маҳсулотларининг барча жорий яхшиланишлари ва такомиллаштиришларини, шунингдек улар учун янги функцияларни ўз ичига олади. Марказий банк ахборот хавфсизлиги масалаларига умуман катта эътибор қаратиб, унга риоя қилиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирларни амалга оширмоқда.