Ипотекани қайта молиялаштириш компанияси (ИҚМК) 5 март куни бирламчи бозор учун компания томонидан молиялаштирилаётган ипотека ставкаси 21,5 фоиздан 19,5 фоизга туширилгани ҳақида хабар берди.
Хабарга кўра, компания асосий ставкага қўшиладиган 8 фоизлик устамани 6 фоизга ўзгартирган. Бу ИҚМКнинг бир йил ичида учинчи марта фоиз ставкаларини ўзгартиришидир. Аслида, 2024 йилнинг мос даври билан солиштирилганда, ҳозирги фоиз ставкаси 1,5-2 бандга кўтарилганини кўриш мумкин.
Кредит ставкаси ўзгариши
2024 йилнинг май ойида ИҚМК 17-18 фоизлик ипотекани молиялаштиришни тўхтатгани ҳақида хабарлар тарқалди. Компания ушбу хабарларни рад этиб, жараён давом этаётганини билдирди.
“2022 йилнинг 14 ноябрида Осиё тараққиёт банки (ОТБ) ва Компания ўртасида имзоланган қарз битимига кўра Компанияга ОТБ дан 150 млн АҚШ доллари миқдоридаги ресурс манбаси жалб қилинган эди. Ҳозирга қадар компания шу кредит линияси асосида тижорат банкларига 17-18 фоизли ипотека кредитлари учун ресурслар ажратишда давом этиб келмоқда”, деб ёзганди ИҚМК ахборот хизмати.
2024 йилнинг 17 июль санасидан бошлаб бирламчи бозор учун 17-18 фоизлик кредит фоиз ставкалари 22 фоизгача кўтарилди (асосий ставка+8%). Компания ставка нима сабабдан бирданига 4 фоизга оширилгани бўйича изоҳ бермаган. Мазкур ставка оширилиши бирламчи ва иккиламчи бороз учун ажратилаётган кредитларга амал қила бошлаган. Унгача аҳолига 17,5 фоизлик кредитлар ажратиб келинаётган эди.
2024 йилнинг 25 июлидан Марказий банк асосий ставкани 13,5 фоизга туширганидан сўнг компания молиялаштирадиган кредит ставкалари ҳам 22 фоиздан 21,5 фоизга пасайтирилди.
19,5 фоиз фақат бирламчи уй-жой бозори учун
19,5 фоизлик ставкалар фақатгина бирламчи бозор учун амал қилади. ИҚМК ахборот хизматининг маълум қилишича, иккиламчи бозор учун фуқароларга ажратилаётган кредитлар ставкаси банклар томонидан белгиланади.
ИҚМК маблағлари ҳисобидан иккиламчи бозор учун ипотека кредити тақдим этаётган банкларда фоиз ставкалари қуйидагича:
- Туронбанк — 25%;
- Инфинбанк — 24%;
- Асакабанк — 26%;
- Ипотека банк — 21,99%.