Ўзбекистонда банклар ва ҳокимликлар билан ҳамкорликда яратилган янги тизим орқали январь ойида 239 минг, февраль ойида 480 минг аҳоли даромадли меҳнатга жалб қилинган. Бу ҳақда жорий йилнинг 4 март куни камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш, инвестиция ва экспорт кўрсаткичлари бўйича Президентга таништирилган ҳисоботда қайд этилди.
Йил бошидан аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича янги тизим жорий қилинган эди. Маълумотларга кўра, 208 та туман ва шаҳар ҳокимлари ҳамда банклар раҳбарлари ўртасида бу борада ҳамкорлик шартномалари имзоланди. Банк филиалларида маҳаллабай ишлаш бўлимлари ташкил этилиб, уларга “маҳалла банкирлари” тайинланди.
Буларнинг натижасида январь ойида 239 минг, февраль ойида 480 минг аҳоли даромадли меҳнатга жалб қилинди. Йил бошидан кичик ва ўрта бизнесга жами 14 трлн сўм кредит йўналтирилди. Жумладан, тадбиркорлик дастурлари доирасида 2 трлн сўм ажратилди.
Фото: Президент матбуот хизмати
Аҳоли бандлигини таъминлашда Жиззах, Самарқанд, Бухоро ва Навоий вилоятларида ҳамда Ўзмиллийбанк, Асакабанк, Микрокредитбанк ва Бизнесни ривожлантириш банки лойиҳаларида юқори кўрсаткичлар қайд этилган.
Сирдарё вилояти, 24 та туман ва шаҳарда натижалар юқори эмаслиги сабабли вазифалар ижросида сусткашликка йўл қўйган 30 нафар раҳбарга нисбатан чоралар кўрилган.
Тўпланган тажрибадан келиб чиқиб, келгуси ойларда натижадорликни ошириш зарурлиги таъкидланди. Ҳозирги баҳор мавсумида томорқа ва ижара ерларда тўлиқ экин экиш, буни online-mahalla.uz платформаси орқали кузатиб бориш бўйича кўрсатмалар берилди.
Ўтган икки ойда инвестиция ва экспорт кўрсаткичлари ҳам ижобий бўлгани айтилди. Йил бошидан бери 6 млрд доллардан зиёд хорижий инвестиция ва кредитлар ўзлаштирилган. Қиймати 574 млн долларлик 1 минг 100 та ўрта ва кичик лойиҳа бажарилиб, 17 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилган.