“Moody's rating” агентлигининг сўнгги таҳлилига кўра, Ўзбекистон банк тизимининг прогнози барқарорлигича қолмоқда.
Ҳисоб-китобларга кўра, муаммоли кредитлар даражаси давлат банклари томонидан муаммоли активлар тан олиниши туфайли 2024 йилда 7 фоизгача ошганига қарамай, кейинги 12-18 ой ичида 6-7 фоиз оралиғида қолади.
Банк тизими капиталининг етарлилиги барқарор бўлиши кутилмоқда. Ўртача жами капиталнинг риск билан ўлчанган активларга нисбати қўшимча давлат капитали киритилмаган ҳолда, 14-15% оралиғида бўлиши прогноз қилинмоқда. 2023 йил охирига келиб бу кўрсаткич 14,3 фоизни ташкил этган.
Секторнинг бозор молиялаштиришига боғлиқлиги юқорилигича қолмоқда: 2024 йил охирига келиб кредитлар ва депозитлар нисбати 173 фоизга, давлат банклари учун 237 фоизга, хусусий банклар учун 108 фоизга етиши прогноз қилинмоқда.
Мoody's маълумотларига кўра, бозор молиялаштиришининг ярмидан кўпи узоқ муддатли мажбуриятлардан иборат бўлиб, бу қайта молиялаш рискларини камайтиради. Шу билан бирга, хорижий валютадаги мажбуриятлар (2024 йил охирига келиб 48 фоиз) ва хорижий валютадаги депозитларнинг (25 фоиз) юқори улуши секторнинг валюта курсларининг ўзгаришига таъсир қилади.
Мoody's агентлигининг таъкидлашича, давлатнинг йирик давлат банкларини қўллаб-қувватлаш эҳтимоли жуда юқорилигича қолмоқда. Хусусийлаштириш режаларига қарамай, ҳукумат иқтисодий сиёсатни амалга оширишда муҳим аҳамиятга эга бўлган Агробанк (Ba3, барқарор) ва Микрокредитбанк (Ba3, барқарор) каби асосий институтлар устидан назоратни сақлаб қолади.
2018 йилдан буён давлат банкларига 1,8 млрд долларга яқин капитал киритилди. 2024 йил охирига келиб Ўзбекистон банк сектори активлари 59,5 млрд АҚШ долларини (ЯИМнинг 53 фоизи) ташкил этиши кутилмоқда. 5та йирик банк бозорнинг 54 фоизини, давлат банклари эса жами активларнинг 65 фоизини назорат қилади. Сектор активларининг 62 фоизини қамраб олувчи 13 та тижорат банкининг индивидуал кредит лаёқатлилик рейтинглари (BCА) b1 дан саа1 гача бўлиб, ўртача тортилган рейтинг b2 ни ташкил қилади.
Мамлакат ялпи ички маҳсулотнинг 37 фоизини ташкил этувчи жами захиралари ва банк тизимининг шунча фоизга тенг бўлган жами кредитлари ҳукуматга иқтисодиёт ҳамда банк секторини қўллаб-қувватлаш учун катта имкониятлар яратмоқда.
Ўзбекистон иқтисодиёти Россия-Украина можароси билан боғлиқ геосиёсий хатарларни енгиб, барқарорликни намойиш этмоқда. Агентлик маълумотларига кўра, 2025-2026 йилларда ялпи ички маҳсулотнинг реал ўсиши 5,7 фоиз даражасида қолади, бу эса қарз олувчиларнинг тўлов қобилиятига ижобий таъсир қилади.