Халқ банки ва Ўзбекистон поло федерацияси икки томонлама ҳамкорлик меморандумини имзолади. Ушбу меморандум Давлат раҳбарининг 2021 йил 5 августдаги ПҚ–5211-сон Қарорига мувофиқ, Ўзбекистонда поло от спортини ривожлантириш ва оммалаштиришга қаратилган.
Ҳамкорлик меморандумини имзолашда Халқ банки бошқаруви раиси ўринбосари Дилшод Кутлиев, Поло федерацияси раиси Азиз Рустамбаев, федерация раисининг биринчи ўринбосари Саидқаҳҳор Холхўжаев, федерация раиси ўринбосари Севара Файзиева, Поло федерацияси Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси раиси Алишер Хотамов иштирок этди.
Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон экологик ҳаракати раиси ўринбосари Саидрасул Сангинов, Филиология фанлари доктори (профессор), Алишер Навоий номидаги тил ва адабиёт университети доценти Зулҳумор Холмонова ҳам қатнашди.
Меморандум доирасида Халқ банки ходимлари ва мижозлари ўртасида поло спортини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда мавжуд имкониятлардан фойдаланиб, мусобақалар ташкиллаштириш, иқтидорли спортчиларни саралаш ва профессионал даражада тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш, аҳоли ўртасида мусобақалар ўтказиш каби муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Ушбу ҳамкорлик орқали Ўзбекистонда поло спортини оммалаштириш, ёш спортчиларни қўллаб-қувватлаш ҳамда профессионал спортчиларни тайёрлаш механизмини ривожлантириш кўзланган.
