Учта ҳудудда имтиёзли кредит олиб беришни ваъда қилиб, пора олган шахслар ушланди

27.02.2025 15:59

320

Тошкентда фуқарога 1 млрд сўм имтиёзли кредит олиб бериш эвазига 3100 АҚШ доллари олган собиқ банк ходими, Навоийда фуқарога 100 млн сўм имтёзли кредит олиб бериш эвазига 30 млн сўм олган иккита шахс, Фарғонада эса тадбиркорга 100 млн сўм имтиёзли кредит олиб бериш эвазига 1000 АҚШ доллари пора олган шахс ушланди. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Фото: Прокуратура департаменти

Ўзбекистоннинг 3 та ҳудудида имтиёзли кредит олиб беришни ваъда қилган фирибгарлар ушланди, деб хабар бермоқда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.

Хабарга кўра, Департаментнинг Мирзо Улуғбек тумани бўлими ва ДХХ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда собиқ банк ходими ушланди. У (Н.А. муқаддам судланган) фуқаро И.Я.нинг ишончига кириб, унга танишлари ёрдамида Яшнобод туманидаги тижорат банки филиалидан 1 млрд сўм миқдорида имтиёзли кредит олиб беришни ваъда қилиб, эвазига 3 100 АҚШ доллари олган вақтида қўлга тушган.

Шунингдек, Навоий вилоятида фуқаролар Ш.И. ва Ш.Х. ўзаро тил бириктириб, фуқаро Ф.Ғ.нинг ишончига кириб, унга Навоий шаҳридаги тижорат банкларнинг биридан 100 млн сўм имтиёзли кредит расмийлаштириб беришларини айтган. Эвазига 30 млн сўмни олган вақтида Ш.И. ва Ш.Х. ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Шу каби, Олтиариқ туманида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Ю.Т. (муқаддам судланган) тадбиркор Ў.Т.нинг ишончига кириб, унга гўёки банк муассасасида ишловчи танишлари орқали 100 млн сўм имтиёзли кредит ажратиб бериши эвазига 1 000 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олган вақтида ушланган.

Бундан ташқари, фуқаро Ю.Т. ва бошқалар фуқаролар Ф.М., М.С. ва Д.Д.нинг ишончига кириб, уларнинг номига 300 млн сўм имтиёзли кредит ажратилишига эришиб, ўзлаштирганликлари аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилаётгани айтилди.

Теглар:

#фирибгар#имтиёзли_кредит

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган