Беҳзод Сайлихонович Ҳамраев Президент фармони билан Статистика агентлиги директори лавозимига тайинланди. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.
Б.Ҳамраев 2020 йил январидан буён Марказий банк раисининг ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди. Тайинлов муносабати билан Ҳамраев ушбу лавозимидан озод этилган.
Марказий банкда у пул-кредит сиёсати, монетар операциялар, статистика ва тадқиқотлар йўналишларини назорат қилган. Ундан аввал МБнинг Пул-кредит сиёсати департаменти директори вазифасини бажарган.
Маълумот учун, Беҳзод Ҳамраев 1983 йилда Бухоро вилоятида туғилган. 2006 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университети магистратурасини, 2016 йилда Япониянинг сиёсий фанлар миллий институтини тамомлаган. Эконометрика ва статистика магистри даражасига эга.
Меҳнат фаолиятини Иқтисодиёт вазирлигида бошлаган. 2008 йилдан буён Марказий банк тизимида фаолият кўрсатиб келаётганди.