Ўзбекистон Марказий банки чегаравий қиймати 29 млн минг сўмдан бўлган 900 та ва бошланғич қиймати 30 млн сўмдан бўлган 200 та компьютер техникасини жами 32,2 млрд сўмга харид қилиш учун тендер эълон қилди. Тегишли эълон Республика товар хомашё биржаси электрон порталига жойлаштирилган.
Порталда келтирилган маълумотларга кўра, Марказий банк томонидан компьютер техникаси сотиб олиш учун иккита лот эълон қилинган. Уларнинг бирида регулятор бошланғич қиймати 29 млн 131 минг сўм бўлган 900 та компьютер техникасини жами 26 млрд 217,9 млн сўмга сотиб олиши кўрсатилган. Иккинчи лотга кўра, бошланғич қиймати 30 млн 86 минг сўм, жами қиймати 6 млрд сўмни ташкил этувчи 200 та компьютер техникаси харид қилинади.
Тендернинг жами чегаравий қиймати 32,2 млрд сўмни (2 485 336 АҚШ долларини) ташкил қилади. Қатнашувчилар мазкур сумманинг 1 фоизи миқдорида гаров маблағини қўйишлари сўралган. Таклифлар 12 март куни соат 10:08 га қадар қабул қилинади. Ғолиб "энг кам нарх" методи бўйича танланади.
Фотоскриншот: etender.uzex.uz
Мазкур харид Марказий банкнинг ўз маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши кўрсатилган. Тендер ҳужжатларига кўра, компьютер техникалари Марказий банк тизимидаги маълумотларни қайта ишлаш ва сақлаш марказларида ишлатиш ҳамда компьютер паркини янгилаш мақсадида, марказий аппарат ва ҳудудий бош бошқармалар учун сотиб олинмоқда.