Асакабанк томонидан ташкил этилган road-show тадбири ташкил этилди. Тадбирнинг асосий мақсади Асакабанкни Яқин Шарқ бозорида ишончли ҳамкор сифатида таништириш, инвестициялар жалб қилиш ҳамда банкнинг глобал миқёсда ўсишига йўналтирилган стратегик ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишдан иборат бўлди.
Унда Араб минтақасининг етакчи молиявий институтлари, жумладан First Abu Dhabi Bank, Emirates NBD, Abu Dhabi Commercial Bank, Commercial Bank of Dubai, Saudi National Bank, Qatar National Bank, Mashreq Bank, RAK Bank, Eximbank of India, Societe Generale, Abu Dhabi Fund for Development ва бошқа банклар иштирок этди.
Тадбир доирасида банк вакиллари "Ўзбекистон – 2030" стратегияси доирасида мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан, банк тизимидаги ислоҳотларни жадаллаштириш, банк хизматлари бозорининг ҳажмини ошириш ва соҳада рақобатни ривожлантириш режалари ҳақида батафсил маълумот бердилар.
Шунингдек, Асакабанкнинг янгиланган ривожланиш стратегияси, асосий лойиҳалари ва молиявий натижалари тақдим этилди ҳамда араб молиявий институтлари билан ҳамкорлик имкониятлари муҳокама қилинди. Алоҳида эътибор савдо операцияларини молиялаштириш, қарз маблағларини жалб қилиш ва инновацион молиявий ечимларни жорий этиш масалаларига қаратилди.
Тадбирда БАА, Қатар, Саудия Арабистони, Кувайт, Уммон, Миср, Иордания каби давлатлардан 80 дан ортиқ етакчи банклар, молия институтлари ва инвестиция фондлари вакиллари иштирок этдилар. Халқаро ҳамкорлар билан олиб борилган мулоқотлар Асакабанкка глобал молиявий ресурсларга кенгроқ йўл очиш ҳамда Ўзбекистон иқтисодиётини модернизация қилиш стратегик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш имконини беради. Асакабанк араб молиявий институтлари билан ҳамкорликни нафақат банк ривожи, балки мамлакат иқтисодиётининг умумий тараққиёти учун ҳам муҳим қадам сифатида кўриб чиқади.
Road-show Ўзбекистонга халқаро инвесторларнинг ортиб бораётган қизиқишини яна бир бор тасдиқлади ва янги ҳамкорлик имкониятларини очди. Тадбир Ўзбекистон ҳамда араб давлатлари ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашга ва минтақавий иқтисодий ўсишни рағбатлантиришга хизмат қилади. Асакабанк халқаро инвестицияларни жалб қилиш ва инновацион ечимларни жорий этиш устида фаол иш олиб боришда давом этади. Ушбу road-show банкнинг жаҳон молия тизимига интеграциялашув стратегиясининг муҳим қисми сифатида ташкил этилган.
Жалб этилган маблағлар яшил иқтисодиёт, фармацевтика ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш орқали камбағалликни қисқартиришга йўналтирилади.
Emirates NBD Bank – БААда активлари ҳажми бўйича иккинчи йирик банк бўлиб, 271,3 млрд АҚШ долларига эга. Банкнинг Туркия ва Мисрда филиаллари мавжуд. Унинг акцияларининг назорат пакети Дубай ҳукумати тасарруфидаги Дубай инвестиция корпорациясига тегишли.
Abu Dhabi Commercial Bank (ADCB) эса БААда активлари ҳажми бўйича учинчи йирик банк бўлиб, 177,7 млрд АҚШ долларига эга. Банк мижозларига кенг турдаги тижорат ва чакана банк хизматларини тақдим этади. ADCB акцияларининг назорат пакети Абу-Даби инвестиция кенгаши (ADIC) орқали Абу-Даби ҳукумати томонидан бошқарилади.