UZCARD карталари бўйича SMS-хабарнома нархи оширилмоқда

17.02.2025 14:06

290

1 мартдан бошлаб UZCARD карталаридаги амалиётлар бўйича SMS-хабарнома нархи 84,2 сўмдан 168,4 сўмга оширилмоқда. Шунингдек, мазкур функцияларни бажарадиган Telegram-ботнинг ойлик абонент тўлови ҳам кўтарилмоқда. HUMO карталари бўйича мазкур хизматлар нархи ҳозирча оширилгани йўқ.

Фото: Bankers.uz

2025 йилнинг 1 март санасидан бошлаб UZCARD карта пластик карта операциялари бўйича 5800 рақамидан келадиган SMS-хабарнома нархи 84,2 сўмдан 168,4 сўмга оширилмоқда. Бу ҳақда ушбу хизматни кўрсатувчи Play Mobile компанияси хабар берди

“2025 йил 1 мартдан бошлаб Beeline, Humans, Perfectum, Ucell, Mobiuz ва UzMobile операторлари мижозлари учун 5800 рақамидан юборилган ҳар бир SMS нархи 168,40 сўмни ташкил этади.”, - дейилади хабарда.

Компания нархлар ошишини SMS-трафикнинг 75 фоизга кўпайганига қарамасдан 2019 йилдан бери ўзгармагани ва тизимни қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ қўшимча харажатлар ортгани билан изоҳлаган.

“Шу билан бирга, хизматлар нархига таъсир қилувчи ташқи иқтисодий омилларнинг сезиларли ўсиши кузатилди. Сўнгги йилларда электр энергияси нархи 100 фоизга, базавий ҳисоб-китоб қиймати 68 фоизга, алоқа операторлари томонидан олинадиган битта SMS'нинг ўртача нархи 300 фоизга ошди”, дейилади компания хабарида.

Маълумот учун, мобил алоқа операторлари билан боғланган ҳолда UZCARD SMS хабарномаларини ўчириб қўйиш имконияти мавжуд. 

HUMO карталари бўйича SMS-хабарномалар нархи ҳозирча оширилмади. Бироқ, 2019 йилда UZCARD'дан 4 кун ўтиб, HUMO тизимида (INFO ZONE МЧЖ орқали) ҳам хизмат нархи оширилиши маълум қилинганди.

Шунингдек, 1 мартдан бошлаб UZCARD карталаридаги амалиётлар тўғрисида Телеграмда хабар берувчи @cardxabarbot хизматининг абонент тўлови оширилмоқда. Эндиликда ойлик абонент тўлови кирувчи хабарномалар сонига қараб белгиланади:

  • 250 тагача хабар — 5 000 сўм;
  • 251 тадан 500 тагача — 15 000 сўм;
  • 501 тадан 2 000 тагача — 30 000 сўм;
  • 2 001 тадан 20 000 тагача — 100 000 сўм;
  • 20 001 тадан бошлаб — 500 000 сўм.

Бунга қадар мазкур ботдан фойдаланиш нархи хабарлар сонидан қатъий назар 1 минг сўмни ташкил қиларди.

HUMO тўлов тизимининг ҳам карталардаги амалиётлар бўйича хабар берувчи @HUMOCardbot хизмати мавжуд бўлиб, мазкур ботдан фойдаланиш бепул ҳисобланади. Шунингдек, 1 минг сўм эвазига Premium тарифни сотиб олиш мумкин.

Теглар:

#uzcard#пластик_карта

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган