"S&P Global Ratings" халқаро рейтинг агентлиги Ўзбекистондаги 3 та банкнинг кредит рейтингларини ўзгартирди

Бу ҳақда рейтинг агентлигининг ҳисоботида маълум қилинган. Хусусан, «Ориент Финанс банк» рейтинги "B" дан "B+" га кўтарилган. Агентликнинг ушбу банк учун келажакдаги прогнози - "Барқарор" сифатида қайд этилган. Шунингдек, «Давр банк» ўз рейтингдаги мавқеини яхшилаб, "B-" дан "B" га ўзгартирилган. Мутахассислар ушбу банк прогнозларини ҳам "Барқарор" деб баҳолашмоқда. «Капиталбанк» рейтинги прогнози эса "Барқарор" дан "Ижобий"га ўзгартирилган.

Ҳисоботда Ўзбекистон банк сектори кўрсаткичларининг пандемия оқибатларига чидамлилиги таъкидланган. Ўтган йилга нисбатан заҳираларни шакллантириш ва муаммоли кредитларни (NPL) сўндириш харажатлари даражасининг ўсишига қарамай, банк сектори зарарни олдини олишга муваффақ бўлганлиги айтилган.

Шунингдек, агентлик ҳисоботида Ўзбекистондаги тижорат банкларининг ўртача капитал рентабеллиги (ROE) 2019 йилдаги 12,5 % 2020 йилда 10% гача пасайганлиги, активларнинг рентабеллиги (ROA) шу даврда 1,92% дан 2,2% га яхшиланганлиги қайд этилган.

S&P таҳлилчилари фикрига кўра, Ўзбекистондаги банклар учун иқтисодий ўсишнинг пасайиши оқибатлари кутилганидан юмшоқроқ бўлди. Шу муносабат билан мамлакат банк тизимининг иқтисодий хавфни баҳолаш рейтинги "салбий" дан "барқарор" га ўзгарган.

Иқтисодиётни тиклаш истиқболлари яхшилангани сабабли 2021-2022 йилларда кредит қўйилмалари ўсиши 30% гача бўлиши кутилмоқда (таққослаш учун 2020 йилда бу кўрсаткич 27% бўлди). Муаммоли кредитлар ҳажми 2% дан бироз ошади ва 2022-2023 йилларда ҳам шу даражада сақланиб қолади, дейилган ҳисоботда.

×