2024 йилда ипотека кредити олганлар сони қарийб 10 минг нафарга камайди

06.02.2025 13:52

594

2024 йилда банклар 58,8 минг фуқарога қарийб 17,1 трлн сўм ипотека кредити ажратди. Ипотека кредити олганлар сони ўтган 2023 йилга нисбатан 9,5 минг нафарга камайган. Ипотека кредитлари ҳажмининг йиллик ўсиши 1,5 фоизгача пасайган.

Фото: Spot.uz

2024 йил давомида жами 58 850 нафар фуқарога 17,098 трлн сўмлик ипотека кредитлари ажратилган. Бу ҳақда Марказий банк маълумотларида маълум қилинди. 2024 йилда ажратилган ипотека кредитлари 2023 йилга нисбатан 247 млрд сўмга ёки 1,5 фоизга ўсган.

Ажратилган ипотека кредитлари бўйича йиллик ўсиш кўрсаткичи 2022 йилдан буён секинлашмоқда. Хусусан, 2022 йилда ипотека кредитлари 2021 йилга нисбатан 31,9 фоизга ўсган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич 14,8 фоизга, 2024 йилга келиб 1,5 фоиз фоизгача пасайди.

Ўтган йил давомида ипотека кредити олувчилар сони 58,9 минг кишини ташкил қилди. 2023 йилда бу кўрсаткич 68,4 минг киши бўлганди. Шундай қилиб, ипотека кредити харидорлари сони бир йилда қарийб 10 мингга камайган.

Йил давомида Ипотекани қайта молиялаштириш компанияси маблағлари ҳисобидан 1 575 млрд сўмлик, банкларнинг ўз маблағлари ҳисобидан 5,979 трлн сўмлик, Иқтисод ва молия вазирлиги маблағларидан 9,543 трлн сўмлик маблағлар ипотека кредитлари учун йўналтирилган. Ипотека кредитларининг 66 фоизи бирламчи бозор учун ажратилган.

Банклар ўз маблағлари ҳисобидан ажратилган ипотека кредитларининг ўртача фоиз ставкаси 24,8 фоизни, Янги тартиб асосида ажратилган ипотека кредитларининг ўртача фоиз ставкаси эса 17,6 фоизни ташкил этган.

Инфографика: Марказий банк

Кредит олувчилар сони камайганига қарамай, битта ипотека кредитининг ўртача миқдори ошиб, 290,5 млн сўмга тенг бўлди. 2023 йилда бу кўрсаткич 262,7 млн сўмни ташкил қилган.

Ипотека кредитларининг 66 фоизини эркаклар, 34 фоизини аёллар олган. Ёш тоифаси бўйича 31-50 ёшдаги аҳоли қатлами жами ипотека олувчиларнинг 68 фоизини ташкил қилган.


Теглар:

#ипотека

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган