Тошкентда 203 киши номига автокредит олган фирибгарлар қамалди

03.02.2025 12:48

284

Шайхонтоҳур туман суди 203 нафар фуқарога 150-200 доллардан пул бериб, улар номига автокредит расмийлаштириб келган 6 нафар шахсга ҳукм ўқиди. Маълумотларга кўра, жиноий гуруҳ 62 миллиард сўмдан ортиқ маблағларни ўзлаштириб юборган. Гуруҳ раҳбари 9 йил, қолганлар ҳам турли муддатларга қамалди.

Фото: РБК

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туман суди 203 нафар фуқарога фирибгарлик йўли билан автокредит олган олти нафар фуқарога нисбатан ҳукм чиқарди. Бу ҳақда “Миллий” телеканалининг “Миллар” дастури хабар берди.

Маълум бўлишича, фирибгарлар хориждан автомобиль олиб кириш ва сотиш билан шуғулланувчи компания ташкил қилиб, фуқаролар номига автокредит олган. Ўз номига автокредит олишга рози бўлган шахсларга турли миқдорда пул мукофотлари берган ва уларни кредит пулларини тўлаб боришга ишонтирган. Кредит расмийлаштирилгач, фирибгарлар пулни тўлашдан бўйин товлаган.

“Машина 1-2 ойда келади, келгандан кейин бизнинг номимизга ўтказиб берасиз, дейишган. Бизга ўша пайтда 200 доллардан пул берган. Умримда кредит олмаганман, мен тушунмадим. “Биз ўз номимизга машина ололмаймиз, битта олишинглар керак экан” (─ фирибгарлар, таҳр.). Қанақасига банк бу кредит пулини автосалонга ўтказмади? Январдан бери пенсия пулимни ечиб оляпти. 3 млн пенсия пулини 100 фоиз ечиб олишди”, дейди жабрланувчилардан бири.

Маълумотларга кўра, олти нафар фирибгар жами 62 млрд сўм пулни ўзлаштириб юборган.

Суд олти кишини айбдор деб топди. Гуруҳ раҳбари 9 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди, қолган жиноятчилар ҳам қонуний тартибга кўра қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Теглар:

#фирибгар#автокредит

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган