Ўзсаноатқурилишбанк қошида венчур компания ташкил этилди

30.01.2025 17:07

235

Ўзсаноатқурилишбанкнинг “SQB Capital” шўъба корхонаси таъсисчилигида “SQB Ventures” МЧЖ фаолияти йўлга қўйилди. Компания устав капитали маъқулланган лойиҳаларга қараб босқичма-босқич шакллантириб борилади.

Фото: Ўзсаноатқурилишбанк

Ўзсаноатқурилишбанк томонидан стартап лойиҳаларни молиялаштириш ва инновацион ғояларни қўллаб-қувватлаш мақсадида венчур молиялаштириш хизматларини кўрсатувчи “SQB Ventures” компанияси фаолияти йўлга қўйилди

Ушбу ташаббус 2024 йил 16 декабрда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида банкларга юклатилган вазифалар ижроси доирасида амалга оширилди. Унга кўра, давлат банклари маҳаллалардаги стартап лойиҳаларини рағбатлантириш мақсадида венчур компаниялар тузиши, мазкур компаниялар орқали умумий ҳисобда 50 млн АҚШ доллари миқдорида маблағ йўналтириши белгиланган эди. Шунингдек, ҳар бир банк хусусий шерик топиб, стартапларни бизнесга айлантирадиган акселераторлар фаолиятини йўлга қўйиши айтилганди.

Ташаббус натижасида ноёб бизнес ғояларга эга, лекин етарлича маблағи бўлмаган ёшлар ва тадбиркорларнинг стартап лойиҳалари ҳаётга татбиқ этилади. Бунда нафақат молиявий хизмат кўрсатиш, балки лойиҳани ишлаб чиқиш, ишбилармонлик стратегиясини тўғри йўналтириш, бозорга кириб бориш каби масалаларда ҳам тадбиркорларга кўмаклашилади.

Таъкидланишича, банкнинг 2024-2026 йилларга мўлжалланган ривожлантириш стратегиясида ҳам венчур молиялаштиришга катта эътибор қаратилган.

Ушбу механизм орқали янги бизнес йўналишларини ривожлантириш ва тадбиркорларга молиявий ёрдам бериш устувор вазифа сифатида белгилаб олинган.

“SQB Ventures” МЧЖ банкнинг “SQB Capital” шўъба корхонаси таъсисчилигида ташкил этилди. Унинг устав капитали маъқулланган лойиҳаларга қараб босқичма-босқич шакллантириб борилади. 

Теглар:

#ўзсаноатқурилишбанк#венчур_компания

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган