Микрокредитбанк томонидан деҳқон хўжаликларига ижарага берилган 81 та контурдаги 887 гектар ер майдонларида “Бир контур ─ бир маҳсулот” тамойили асосида намунали лойиҳаларни амалга ошириш учун 81 та агрегаторлар танлаб олинди. Бу ҳақда банк матбуот хизмати хабар берди.
Агрегаторлар томонидан жорий йилги биринчи экинда “Бир контур ─ бир маҳсулот” тамойили асосида полиз ва мева-сабзовот экинлари экилади. Бунинг учун агрегаторларга тижорат банклари томонидан 2,7 млрд сўм имтиёзли кредитлар ажратилиши айтилди. Шунингдек, агрегаторларга 2 621 нафар киши кооперация аъзоси сифатида бириктирилади.
Кооператив аъзолари томонидан юқори даромадли ва экспортбоп (қишки қовун-тарвуз, гулкарам, қизил лавлаги, ловия ва сабзи-шолғом) маҳсулотлари етиштирилади.
Мисол учун, Самарқанд вилояти Нарпай туманидаги 24-контурда 35 нафар ёшларга 40 сотихдан ер майдони ажратилган бўлиб, агрегатор “Диёржон Давронжон сервис” оилавий корхонаси бошчилигида 14 гектар ер майдонида биринчи экинга баҳорги сабзи маҳсулоти экилади. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бир кооператив аъзоси ўртача 55 млн сўмдан даромад олиши режа қилинмоқда.
Шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида 2024 йил 16 декабрда ўтказилган видеоселектор йиғилишида “Супер лойиҳа” доирасида “етиштириш ─ қайта ишлаш-сотиш” занжирини яратиш ва республика ҳудудида қўшимча 7 та шунга ўхшаган намунавий лойиҳаларни амалга ошириш вазифаси юклатилганди.
Бунинг ижроси сифатида, Қорақалпоғистон Республикаси Чимбой тумани “Тазғара” маҳалласида ёшларга ижарага берилган 20 гектар ер майдонида биринчи экинга помидор, кейин кўкат етиштириш таклифи берилди ва ҳозирда лойиҳани дастлабки харажатлар учун молиялаштириш ишлари бошлаб юборилди.
Банк томонидан тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринлари яратиш, аҳолини арзон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлаш йўлидаги ишлар изчил давом эттирилиши билдирилди.