Жорий йилда уй-жой дастурларини молиялаштиришга бюджетдан 15,5 триллион сўм ресурс берилмоқда. Банклар бунга қўшимча 10 трлн сўм йўналтиришни мақсад қилган. “Ипотека компанияси” ҳам бу мақсадларга 2,3 триллион сўм ресурс йўналтиради.
Бу ҳақда бугун, 23 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев ипотека дастури доирасида 2024 йилда амалга оширилган ишлар ва 2025 йил учун режалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида маълум қилди.
Фото: Президент матбуот хизмати
Қурилишни рағбатлантириш учун 2024 йилда 17 трлн сўм ипотека кредити ажратилди, қурувчи ва девелоперларга айланма учун жами 3 триллион сўм маблағ берилди, деди Давлат раҳбари.
Йиғилиш давомида Президент томонидан мутасаддиларга 2025 йилда камида 70 мингта хонадон учун ипотека кредити тақдим этиш, шундан 30 минги учун кредитни бошланғич бадал учун бюджетдан субсидия тўлаб, даромади юқори бўлмаган оилаларга бериш вазифаси қўйилди.
Фото: Президент матбуот хизмати
Йиғилишда таъкидландики, девелоперлар томонидан объектнинг 50 фоизи қурилганда, фуқаролар кредит ва субсидия олиши мумкин бўлади. Ушбу тартиб нафақат имтиёзли, балки тижорат ипотекаси учун ҳам татбиқ этилади.
Қурувчи ташкилотлар қурилишни бошлаганидан якунлагунича, лекин кўпи билан 12 ой давомида ер солиғи тўлашдан озод қилинади. Объект муддатида топширилмаса, девелопер ер солиғини 2 карра миқдорда тўлайди.
Фото: Президент матбуот хизмати
Давлат раҳбари умуман барча ҳудудларда янги қурилаётган кўп қаватли уйларни босқичма-босқич “яшил энергия” уйларига айлантириш муҳимлигини таъкидлади.
Буни рағбатлантириш мақсадида қуриладиган уй-жойни энергия билан таъминлаш учун қуёш электр станциялари билан шартнома тузган девелоперларга бундай уйлар учун фойда солиғи олинмайди, кредит ставкаси 2 фоиз арзон қилиб берилади.
Фото: Президент матбуот хизмати
Шунингдек, 2025 йилдан қурилишда “эскроу” тизими жорий қилинаётгани айтилди. Бу тизим девелоперларга ҳозиргидан пастроқ ставкада маблағ жалб қилиш имконини беради. Муҳими, девелоперларни молиялаштириш уй қуриш билан бирга бошланади ва давом этади.
Фуқаролар эса қурилиш бошидан ипотека ва субсидия олиш ҳамда уй битмасдан туриб ҳам бошқа одамга сотиш имконига эга бўлади. Бу билан уй сотиб олувчилар кафолатли ҳимояланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ мигрантларга ипотека кредити олиш имкониятини берувчи тизим яратилиши ҳақида хабар берган эдик.