Хорижда ишловчи фуқароларга Ўзбекистонда ипотека кредити олиш имконияти яратилади

23.01.2025 18:00

292

Президент Шавкат Мирзиёев хорижга ишлашга кетганларнинг Ўзбекистонда расмий даромади йўқ фуқаро сифатида қаралишига барҳам беришни сўради. Хорижда меҳнат қилаётган ва олти ой ичида мунтазам пул ўтказиб келаётганлар учун кредит ажратиш тизимини яратиш топшириғи берилди.

Фото: Газета.уз

Эндиликда хорижда меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқаролари даромадини ҳисобга оладиган тизим ишлаб чиқилади ва мигрантларнинг ипотека кредити олиши учун имконият яратилади.

Бу ҳақда бугун, 23 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев ипотека дастури доирасида 2024 йилда амалга оширилган ишлар ва 2025 йил учун режалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида айтиб ўтди.

"Ўзбекистонда аҳолига расмий иш жойи бўлмаса ҳам, даромадини декларация асосида ҳисобга олиб, ипотека кредити олиши учун имконият яратилган. Лекин ҳозирда хорижга ишлашга кетганларга “Ўзбекистонда расмий даромади йўқ”, деган важ билан кредит ва субсидия берилмаяпти", деди Давлат раҳбари.

Президент томонидан мутасаддиларга хорижда меҳнат қилаётган ва олти ой ичида мунтазам пул ўтказиб келаётган фуқаролар даромадини ҳисобга оладиган тизим яратиш топшириғи берилди.

Эслатиб ўтамиз, бугунги кунда бир нечта банкларда расмий даромадга эга бўлмаган Ўзбекистон фуқаролари, хусусан, ўзини ўзи банд қилган шахслар ўз даромадларини кўрсатган ҳолда, кредит расмийлаштиришлари мумкин.

Теглар:

#ипотека

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган