Йил якунига қадар Ипотека банк капиталидаги 75 фоиз улуш Венгриянинг OTP-Bankига сотилади

29.09.2021 07:29

1 419

Тошкентда бўлиб ўтаётган форумда қатнашган Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров 2021 йил якунига қадар "Ипотека банк" акциядорлик тижорат ипотека банкидаги давлат улуши сотилиши ва ушбу масала юзасидан меморандум имзоланишини маълум қилди.

Фотоскриншот: Uzbekistan Economic Forum

2021 йил якунига қадар "Ипотека банк" акциядорлик тижорат ипотека банкидаги давлат улушининг 75 фоизи Венгриянинг OTP-Bankига сотилади. Бу ҳақда бугун Тошкентда бўлиб ўтаётган форум доирасида Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров маълум қилди. Ж.Қўчқоровнинг айтишича, бугун кун якунига қадар ушбу масала юзасидан меморандум имзоланади.

"Бугун биз давлат Ипотека банкининг 75 фоиз акциясини сотиш бўйича шартнома имзолаймиз. Мен сизга бу банкнинг хусусийлаштирилиши ҳақида бир оз ҳикоя айтиб бераман. Биринчидан, биз IFC (Халқаро молия корпорацияси) билан ишлашни бошладик, у бизни потенциал инвесторлар билан таништирди. Шундан сўнг, Венгриянинг OTP банки Ўзбекистонга келди. Бугун биз битта ҳужжатга имзо чекамиз ва икки ой ичида битимни якунлаймиз ”, деган Жамшид Қўчқоров.

Bankers.uz таҳририятида нусхаси мавжуд бўлган, 2021 йил 14 сентябрда ПҚ-5244-сон билан рўйхатга олинган Ўзбекистон республикаси Президентининг "Ипотека-банк" акциядорлик тижорат ипотека банкини хусусийлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига кўра, Молия вазирлигининг Ипотека банк устав капиталадиган давлат акция пакетлари, шунингдек давлат улуши мавжуд хўжалик жамиятларига тегишли барча акция пакетлари Молия вазирлигига ўтказилган ҳолда, "OTP-Group"га тўлиқ сотилиши белгиланган.

Шунингдек, мазкур қарорга асосан Бош вазир (А.Арипов)га икки ой муддатда Ипотека банкдаги давлат улушини сотиш бўйича нарх ва шартларни белгиловчи, Молия вазирлиги ва "OTP-Group" ўртасида тузиладиган шартномани тасдиқлаш вазифаси юклатилган.

Бўлиб ўтаётган Ўзбекистон иқтисодий форуми сессияларини мазкур ҳавола орқали томоша қилиш мумкин.

Теглар:

#молия#тижорат#ипотека#акциядорлик#қўчқоров

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган