Маълумки, Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси жорий йил 13-15 январь кунлари Бирлашган Араб Амирликларида расмий ташриф буюрди. Ташриф доирасида икки давлат раҳбарлари иштирокида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция каби устувор соҳаларда ўзаро алоқаларни ривожлатиришга қаратилган музокаралар ўтказилди.
Фото: Ўзсаноатқурилишбанк
Икки мамлакат расмий делегациялари аъзолари учрашувлари чоғида тегишли ташкилотлар қатори Ўзсаноатқурилишбанк томонидан ҳам Яқин Шарқнинг етакчи банклари билан самарали келишувларга эришилди.
Хусусан, “Mashreq Bank”, “Al Ahli Bank of Kuwait” ва бошқа қатор банклар билан умумий қиймати 225 млн. долларга тенг хорижий инвестицияларни жалб қилиш бўйича келишувлар имзоланди.
Фото: Ўзсаноатқурилишбанк
Ушбу хорижий сармоялар иқтисодиёт тармоқлари ҳамда кичик ва ўрта бизнес соҳасини молиявий қўллаб-қувватлашга йўналтирилади. Бу, ўз навбатида, истиқболли лойиҳаларни ишга тушириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадини оширишга хизмат қилади.
Навбатдаги келишув “Ал-Ҳуда” Исломий банк ва иқтисодиёт маркази (“Аl-Huda CIBE”) билан имзоланди. Бунда исломий молиялаштириш тамойилларини жорий қилиш, шариат сертификатларини олиш ва исломий молиявий маҳсулотлар ишлаб чиқиш мақсади кўзда тутилди.
Фото: Ўзсаноатқурилишбанк
Шунингдек, 16 январь куни Дубай шаҳрида “International Finance” халқаро журнали томонидан тақдирлаш маросими ўтказилди. Тадбирда Ўзсаноатқурилишбанк “Энг яхши корпоратив банк” ва “Энг яхши корпоратив бошқарув банки” номинациялари бўйича тақдирланди.
Нашр таҳлилчилари қайд этганидек, банк сўнгги беш йилда ўз фаолиятини трансформация қилиш асносида юқори натижаларни қўлга киритди. Банк қиёфаси, хизмат кўрсатиш сифати янги босқичга кўтарилди, молиявий кўрсаткичлари бир неча баробарга ўсди. Йирик корхоналарга алоҳида ёндашувларда хизмат кўрсатиш мақсадида Корпоратив марказ фаолиятини йўлга қўйди.
Банк Матбуот хизмати