Жорий йилнинг 16 январь куни Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги "Ижтимоий карта" лойиҳаси тажриба-синов босқичида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида жорий этилганини маълум қилди.
Агентлик маълумотларига кўра, мазкур "Ижтимоий карта" Visa халқаро тўлоқ тизимида, иккита банк ─ Халқ банки ва Алоқабанк орқали эмиссия қилинади.
2025 йил 1 июлдан бошлаб махсус карта босқичма-босқич республиканинг барча ҳудудларига жорий этилади.
“Кейинчалик фуқаролар Ягона давлат интерактив хизматлари портали, “Ижтимоий карта” мобил иловаси орқали ҳамда ижтимоий карта бўйича белгиланган Молиявий агентларнинг бўлинмалари (АТ “Халқ банки” ва АТ “Алоқабанк” ) орқали мурожаат этишлари мумкин бўлади, дейилади агентлик хабарида.
Иқтисодчи Отабек Бакиров карта лойиҳаси ҳамкор оператори ким эканига эътибор қаратди. Ҳукумат қарорига кўра, Бирлашган Араб Амирликларида рўйхатдан ўтган "Oxinus Holding Limited" компанияси "Ижтимоий карта" лойиҳаси ҳамкори бўлади. Компания "Ижтимоий карта" ахборот тизимини ишлаб чиқиш, синовдан ўтказиш, саноат эксплуатациясига тушириш ва такомилаштириб боришда кўмаклашади.
Маълумот учун, ижтимоий карта 2024 йилнинг декабрь ойидан бошлаб янги тайинланган 9 турдаги ижтимоий тўловлар олувчи шахсларга тақдим этилмоқда. Ушбу шахсларга ижтимоий карталар бепул берилади ва дастлаб тўлов воситаси (банк картаси) функциясини бажаради.