Ўзбекистон Республикаси Марказий банки жорий йил 1 сентябрь ҳолатига ;муомаладаги банк пластик карталари, терминаллар, банкомат ва инфокиосклар ҳамда 2021 йил январь-август ойлари давомида тўлов терминаллари орқали тушган тушумлар тўғрисида статистик маълумотларни тақдим қилди.
Маълумотларга кўра август ойида муомаладаги пластик карталар сони қарийб 1 млн 40 мингтага кўпайиб, уларнинг жами сони 24 млн 765 минг донадан ошган. Ўзбекистонда фаолият юритаётган 32 та банкнинг 31 тасида муомаладаги пластик карталар сони ортган, хусусан карталар сонининг энг кўп ўсиши Қишлоқ қурилиш банк (+265 минг дона), Халқ банки (+171,2 минг дона) ҳамда Агробанкда (+104 минг дона) кузатилган. Муомаладаги карталар сони фақат Давр банкда камайиши кузатилган (-23,9 минг дона).
Банкомат ва инфокиосклар сони август ойи давомида 285 тага кўпайган ва жами 12 583 донани ташкил қилган. Терминаллар сони эса аксинча, қарийб 1200 донага камайган.
Жорий йил январь-август ойларида терминаллар орқали тушумлар 67,7 трлн сўмни ташкил қилган. Бу ҳар бир терминалнинг ойлик тушуми ўртача 19 млн сўмни ташкил қилди, демакдир.