Давр банк устав капиталини 500 млрд сўмга етказди

24.12.2024 15:35

274

Давр банк қўшимча акциялар чиқариш ҳисобига ўз устав капиталини 500 млрд сўмга етказганини маълум қилди. Банк устав капитали 2025 йил 1 январдан кучга кирадиган янги минимал талабга жавоб беради.

Фото: Давр банк

Давр банк қўшимча акциялар чиқариш орқали устав капиталини 500 млрд сўмга етказди. Бу ҳақда банк матбуот хизмати маълум қилди.

Банк томонидан умумий қиймати 100 млрд сўмлик, донасининг номинал қиймати 5 минг сўм бўлган 20 млн дона акция чиқарилган. Мазкур акциялар чиқарилиши 29 ноябрь куни давлат рўйхатидан ўтказилган.

2024 йил бошида Давр банкнинг устав капитали 400 млрд сўмни ташкил қилганди.

"Банклар ва банк фаолияти" тўғрисидаги қонунга киритилган ўзгартиришларга биноан 2025 йилнинг 1 январидан тижорат банклари устав капиталининг энг кам миқдори 500 млрд сўм этиб белгиланган.

Шу тариқа, декабрь ойида Давр банк ушбу қонун талабини бажарган ҳисобланади.

Марказий банк маълумотларига кўра, 1 декабрь ҳолатида 12 та банкнинг устав капитали 1 январдан кучга кирадиган минимал талаб даражасига етмаган.

Эслатиб ўтамиз, "Банклар ва банк фаолияти тўғрисида"ги Қонуннинг 54-моддасига асосан банк устав капитали миқдори банк устав капиталининг энг кам миқдорига нисбатан белгиланган талабга мувофиқ эмаслиги "қўпол қоидабузарлик" сифатида малакаланади.

Теглар:

#даврбанк#Устав_капитал

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган