Банклар 2025 йилда четдан давлат кафолатисиз 6 млрд доллар жалб қилади — Президент

20.12.2024 19:59

342

Президентнинг 20 декабрь куни тадбиркорлар билан бўлган учрашувида қайд этилишича, кейинги йил банклар томонидан жами 300 трлн сўмдан кўпроқ кредитлар ажратилади. Кичик бизнесга ажратилган кредитлар улуши 8 фоиздан 40 фоизга оширилиб, 120 триллион сўмга етказилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

20 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича жорий йил якунлари ва 2025 йилга асосий режалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ҳамда етакчи тадбиркорлар билан мулоқот ўтказди.

“Кенг кўламли ислоҳотларимизнинг илк кунларидан бошлаб мен бир фикрни доим таъкидлаб келаман: тадбиркорликни ривожлантириш – биз учун стратегик вазифа. Бизнинг таянчимиз ҳам, суянчимиз ҳам, энг катта кучимиз ҳам шу соҳада мужассам. Шу боис тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш марказдан тортиб энг қуйи бўғингача – барча раҳбарларнинг кундалик иши бўлиши шарт”, деди Давлат раҳбари сўзининг аввалида.

Фото: Президент матбуот хизмати

Айниқса, жойларда ҳокимлар ҳар бир тадбиркор билан кўпроқ мулоқот қилиб, корхоналарга бориб, уларни дарди билан яшаши кераклиги кўрсатиб ўтилди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон иқтисодиётида пул кўпайгани, инвестиция лойиҳаларини барқарор молиялаштиришнинг мустаҳкам асоси яратилгани таъкидланди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Жумладан, корхоналарнинг банклардаги маблағлари 20 триллион сўмга ошиб, 107 триллион сўмга етди. Аҳоли омонатлари ҳам 25 триллион сўмга кўпайиб, 105 триллион сўм бўлди.

Бу Ўзбекистон банкларининг барқарор ривожланаётгани, уларга аҳоли ва тадбиркорларнинг ишончи ортиб бораётганидан далолат экани таъкидланди.

Йил якуни билан ажратилган жами кредитлар 275 триллион сўмни ташкил қилади. 2025 йилда бу 300 триллион сўмдан ошиши ҳисоб-китоб қилинган.

Айниқса, кичик бизнесга бериладиган кредитлар улуши ҳозирги 28 фоиздан 40 фоизга оширилиб, 120 триллион сўмга етказилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Тадбиркорлар эҳтиёжидан келиб чиқиб банклар 2025 йилда четдан давлат кафолатисиз 6 миллиард доллар жалб қилиши режалаштирилган.

Шунингдек, факторингга кенг йўл очиб берилгани натижасида шу йилнинг ўзида 100 миллион долларлик бундай хизматлар кўрсатилди.

IT, финтех, инновациялар, телекоммуникация каби соҳаларни хусусий корхоналар тез ривожлантириши, яратилган шароит туфайли қиймати 1 миллиард доллардан ошган “TBC Uzbekistan” ва “Uzum” хусусий компаниялари пайдо бўлгани бунга яққол мисол экани таъкидланди.

Келгусида бундай компаниялар кўпайиши учун янада кенг шароитлар яратилади. Хусусан, уларга ривожланиш ва тадқиқот марказлари (R&D) учун лаборатория жиҳозлари, технологик ускуналарни божсиз олиб келишга рухсат берилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шу билан бирга, Давлат раҳбари томонидан IT, финтех, тадбиркорликни молиялаштириш, экспорт, туризм, хизматлар, яширин иқтисодиётни қисқартириш каби долзарб масалалар бўйича Жамоатчилик кенгашида экспертлик гуруҳларини ташкил қилиш кераклиги кўрсатиб ўтилди.

Теглар:

#Президент#видеоселектор

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган