Микрокредитбанк корпоратив харид жараёнларини тўлиқ рақамлаштирди

18.12.2024 11:01

159

Мазкур тизим банкнинг йиллик харид режасини бош офис ва филиаллар кесимида электрон тарзда, онлайн шакллантириш ва кузатиш имконини беради. Шунингдек, барча оммабоп харид порталлари билан интеграция қилинган бўлиб, шаффофликни таъминлайди.

Фото: Микрокредитбанк

Микрокредитбанк тижорат банклари ичида биринчи бўлиб, банкка зарур бўлган товар ва хизматлар бўйича харидлар режасини рақамлаштиришни йўлга қўйди. Натижада банкнинг iABS дастурида янги модуль яратилиб, тест режимида амалиётда қўлланилмоқда.

Яратилган шаффоф тизим орқали банкнинг йиллик харид режасини Бош офис ва ҳудудлар кесимида электрон шакллантириш, харидларни амалга оширишни марказлашган ҳолда ташкиллаштириш ва бу билан харажатлар тежамкорлигини ошириш таъминланади. Энг асосийси, товар ва хизматларни харид қилиш шаффоф бўлиб, манфаатлар тўқнашувининг олди олинади.  

Шунингдек, лойиҳа доирасида махсус порталлар ─ exarid.uzex.uz, XT-xarid.uz, cooperation.uz ҳамда etender.uzex.uz порталлари билан интеграция қилиш орқали ушбу платформалардаги банкнинг харид жараёнлари iABS дастурида реал вақт режимида кўриниб туради. 

Шунингдек, маҳсулот етказувчи ҳамда хизмат кўрсатувчиларга очиқ ва шаффоф тарзда ўз хизматларини таклиф қилиш имконияти яратилади. Бунда банк биноларини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишлари бўйича давлат харидларини “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими орқали инсон омилисиз ўтказиладиган электрон тендер (танлов) савдолари орқали амалга оширилади.

Бундан ташқари, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан Давлат харидлари соҳасида фойдаланиладиган товарнинг (ишлар ва хизматларнинг) ягона миллий классификатори орқали маълумот алмашиш йўлга қўйилади. 

Асосийси, бу жараёнларда инсон омили иштирок этмайди, бу орқали манфаатлар тўқнашуви, коррупция, таниш-билишчиликнинг олдини олиш мақсад қилинган. Бу каби рақамлаштириш ишлари келгусида банк омборхоналарида ҳам амалга оширилиши режалаштирилмоқда.

Теглар:

#микрокредитбанк

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган