Марказий банкнинг Банк назорати қўмитаси жорий йилнинг ноябрь ойида 9 марта йиғилиш ўтказиб, 32 та масалани кўриб чиқди ва тегишли қарорлар қабул қилди, деб хабар бермоқда регулятор ахборот хизмати.
Рўйхатга олиш ва рухсат бериш йўналишида 13 та масала, шу жумладан, кредит ташкилотлари уставига киритилган ўзгартиришларни рўйхатдан ўтказиш (1 та), банкларда аудит ўтказиш ҳуқуқини бериш учун аудиторлик малака сертификатини тақдим этиш (1 та), кредит ташкилотларининг устав фондидаги улушига эгалик қилиш учун рухсат бериш (3 та) ҳамда тижорат банклари кузатув кенгаши ва бошқаруви аъзолари ҳамда муҳим аҳамиятга эга ходимларининг номзодларини кўриб чиқишга доир (8 та) масалалар кўрилган.
Шу билан бирга, Кредит ташкилотларининг молиявий ҳолатига оид 19 та масала – Марказий банкнинг кўрсатмалари ва пруденциал меъёрлари талабларининг бажарилиши, тижорат банкларида амалга оширилган назорат тадбирлари, шунингдек, тижорат банклари ва микромолия ташкилотида ўтказилган ўрганиш ва текширишлар натижалари ҳам муҳокама қилинган.
"Тижорат банклари, микромолия ташкилотлари ва тўлов ташкилотларида ўтказилган ўрганишлар натижасида аниқланган қоидабузарликлар учун 22 та банк ҳамда 3 та тўлов ташкилоти чора ва санкциялар қўлланилиши тўғрисида огоҳлантирилди," дейилади МБ хабарида.
Шунингдек, амалдаги қонунчилик, регулятор томонидан ўрнатилган иқтисодий меъёрлар талаблари ҳамда кўрсатмаларига риоя қилинмаганлиги, ўрганиш ва инспекция текширувлари давомида аниқланган қоидабузарликлар учун 8 та банк, 7 та тўлов ташкилоти ҳамда 12 та микромолия ташкилотига нисбатан жарима санкцияси қўлланилди.
Бундан ташқари, Банк назорати қўмитасининг тегишли қарори билан 7 та банк 2025 йил учун тизимли аҳамиятга молик банклар сифатида белгиланди.
Элатиб ўтамиз, октябрь ойида Марказий банк томонидан еттита банкка нисбатан жарима қўлланилган эди.