TBC Bank қиймати 128 млрд сўм бўлган облигациялар чиқарилишини эълон қилди. Бу ҳақда банк Кузатув кенгашининг тегишли қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, жами 128 млн дона облигациялар бир донаси учун 1 минг сўмдан чиқарилиши белгиланган. Ушбу облигациялар TBC Bank'нинг акцияларига айирбошланмайдиган корпоратив ҳужжатсиз облигациялар экани қайд этилган.
Облигациялар олдиндан белгиланган шахслар доирасида ёпиқ обуна орқали жойлаштирилиши маълум қилинган. Бироқ, харидор ким бўлиши банк хабарида очиқланмаган.
Битим қимматли қоғозларнинг олди-сотди шартномасини имзолаш ва уни лицензияланган инвестиция воситачиси — "TAT-Reestr" МЧЖ корхонасида рўйхатдан ўтказиш йўли билан биржадан ташқари ташкиллаштирилмаган бозорда рўйхатдан ўтказилади.
Облигациялар учун тўлов амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ биржадан ташқари ташкиллаштирилмаган бозорда тузилган олди-сотди битимлари асосида Ўзбекистон Республикасининг миллий валютасида нақдсиз шаклда амалга оширилиши назарда тутилган.
Аввалроқ, октябрь ойининг охирида TBC Bank худди шу каби 40 млрд сўмлик облигациялар чиқарилишини эълон қилганди. Ушбу облигациялар ҳам ёпиқ обуна орқали жойлаштирилган ва харидор Грузиянинг "TBC Capital" LLC компанияси экани айтилганди.
Бундан ташқари, 13 ноябрда банк Кузатув кенгаши кредит ташкилотининг устав капиталини ошириш мақсадида 462,36 млрд сўмлик ҳужжатсиз акциялар чиқарилишини тасдиқлаганди. Мазкур акциялар ҳам ёпиқ обуна орқали "TBC BANK GROUP PLC"га жойлаштирилиши белгиланган. Акцияларни жойлаштириш андеррайтер жалб қилмасдан амалга оширилиши ҳам қайд этилганди.