Фото: AI/Bankers.uz
Бугун ─ 3 декабрь санаси халқаро миқёсда Ногиронлар куни этиб белгиланган. Жаҳон банки тадқиқотига кўра (2022 йил), Ўзбекистонда расман 845,3 минг киши ёки умумий аҳолининг 2,3 фоизи ногиронлиги бўлган шахслар деб тан олинган. Ўзбекистон Кўзи ожизлар жамияти маълумотларида қайд этилишича, мамлакатдаги имконияти чекланган фуқароларнинг 76 минг нафари кўзи ожизлардир.
Кўзи ожизлар ёки кўриш қобилиятида муаммолари бор шахсларга банклар томонидан қандай қулайликлар яратилган? Улар уйдан чиқмай туриб, электрон тарзда банк хизматларидан фойдалана оладиларми? “Bankers.uz” нашри Ўзбекистондаги банклар сайтларида кўз нури паст фуқаролар учун яратилган имкониятларни ўрганди.
Bankers.uz кузатувларига кўра, Asia Alliance Bank, Трастбанк, Алоқабанк, Капиталбанк, Ипотекабанк, Туронбанк, Пойтахтбанк ва Микрокредитбанк сайтлари кўзи ожизлар фойдаланиши учун энг мақбул сайтлардандир. Ушбу банкларда махсус сайт талқини мавжуд бўлиб, у орқали шрифтлар ўлчамини катталаштириш, ойнани қорайтириш, рангсиз кўринишга келтириш, расмларни олиб ташлаш, овозли ёрдамчи функцияларини қўллаш мумкин.
Oктобанк, Анорбанк, Ўзмиллийбанк, Инфинбанк, Агробанк, Бизнесни ривожлантириш банки, Универсалбанк, Apex Bank сайтларида ҳам имконияти чекланганлар учун қатор қулайликлар яратилган. Мазкур банклар сайтида шрифтлар ўлчамини алмаштириш, ойнани рангсиз қилиш, овозли ёрдамчи функциялари мавжуд.
Шунингдек, Саноат қурилиш банк, Ziraat bank Uzbekistan, Uzum Bank, Халқ банки, Ҳамкорбанкнинг веб саҳифаларида рангсиз режим, шрифтларни катталаштириш имкониятлари мавжуд. Ипак Йўли банк сайтида эса шрифт алмаштириш, рангсиз ёки қора рангли режимга ўтказиш, расмларни ўчириб қўйиш функцияларидан фойдаланса бўлади.
Худди шу каби, Avo bank сайтида ҳам шрифтларни катталаштириш ва рангсиз режим, Ориент финанс банкда овозли ёрдамчи, Smartbankʻда шрифтлар ўлчамини алмаштириш, рангсиз қилиш имкониятлари яратилган.
TBC Bank, Tenge Bank, KDB Bank Uzbekistan веб саҳифаларида кўзи ожизлар учун овозли ёрдамчи, шрифт катталаштириш функциялари, Гарантбанк веб саҳифасида эса бунга қўшимча экранни рангсиз қилиш, амалиёти бор.
Асакабанк сайти янгиланаётганлиги муносабати билан олиб борилаётган профилактика сабабли, кириш имконияти вақтинча чекланган. Банк Матбуот хизматининг маълум қилишича, сайтнинг эски версиясида ҳам янги версиясида ҳам, овозли ёрдамчи, ҳарфларнинг ҳажмини бошқариш ва бошқа қўшимча функциялар мавжуд.
Айрим банклар, хусусан, Yangi Bank, Hayot Bank, Содерот банкларининг сайтларида кўзи ожизлар ёки заиф кўрувчилар учун қўшимча имкониятлар топилмади.