Ipak Yo'li Banki ва OPEC жамғармаси ўртасида 30 млн долларлик шартнома имзоланди

Ipak Yo'li Banki ва OPEC жамғармаси ўртасида 30 млн долларлик шартнома имзоланди

Фото: Ипак Йўли банки

Ipak Yo'li Banki OPEС (ОПЕК) Халқаро тараққиёт жамғармаси билан 30 млн доллар миқдорида келишув имзолашга эришди. Бу қадам OPEС жамғармасининг Ўзбекистондаги хусусий банкка ажратган биринчи тўғридан-тўғри кредит линияси бўлиб, бу ҳамкорликнинг аҳамияти ва ўзига хослигини намоён этади. Мазкур маблағлар Ўзбекистондаги микро, кичик ва ўрта бизнесни, жумладан, аёллар бошчилигидаги тадбиркорлик субъектларини молиялаштириш имкониятларини кенгайтиришга йўналтирилади.

“Ipak Yo'li Banki билан ҳамкорлигимиз Ўзбекистонда хусусий сектор трансформациясини қўллаб-қувватлашга қаратилган стратегиямизни акс эттиради. Корхоналарга, жумладан, тадбиркор аёлларга молиявий имкониятларни тақдим этиш орқали биз уларнинг салоҳиятини очишга ёрдам берамиз ва мамлакатнинг барқарор иқтисодий ўсишига ҳисса қўшамиз. Бу ҳамкорлик нафақат молиявий ёрдам кўрсатиш, балки иқтисодий имкониятлар яратадиган ва маҳаллий ҳамжамиятларнинг фаровонлигини оширадиган янада фаол ва инклюзив хусусий секторни қўллаб-қувватлашга қаратилган”, деди OPEC жамғармаси президенти Абдулҳамид Алхалифа.

Мазкур молиялаштириш, Ipak Yo'li Banki'га Ўзбекистон иқтисодиётининг таянчи бўлган, мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 54 фоизини ташкил этувчи ва 78 фоиз иш ўринлари билан таъминловчи микро, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашни сезиларли даражада кенгайтириш имконини беради. Ушбу ҳамкорлик натижасида минглаб микро, кичик ва ўрта корхоналар ривожланиш учун зарур молиявий ресурслардан фойдаланиш имкониятига эга бўлади, бу эса ўз навбатида инновацияларни рағбатлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва барқарор иқтисодий ўсишга ёрдам беради.

OPEC жамғармаси ҳақида

OPEC жамғармаси глобал ривожланиш ташкилоти бўлиб, ўзининг аъзо мамлакатларидан аъзо бўлмаган мамлакатларга молиялаштиришни тақдим этади. 1976 йилда ташкил этилган бўлиб, Жамғарма паст ва ўрта даромадли мамлакатларда иқтисодий ўсишни ва ижтимоий тараққиётни рағбатлантириш учун ҳамкорлар билан ишлайди. Бугунги кунга қадар жамғарма бутун дунё бўйлаб барқарор ривожланишга эришишга интилаётган 125 мамлакатдаги лойиҳаларга 27 миллиард АҚШ долларидан ортиқ сармоя киритган.

×