Фото: Bankers.uz
Марказий банк ижтимоий тармоқларда битта жисмоний шахсга битта банк картаси берилиши бўйича меъёрлар ўрнатилаётганлиги тўғрисида ахборот ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди.
Регулятор хабарига кўра, банклар томонидан битта жисмоний шахсга (битта ЖШШИРга) карталар сонини (виртуал ва кобейджинг карталарини инобатга олган ҳолда) вақтинчалик битта банкда 5 тагача, барча банкларда 20 тагача белгилаш масаласи кўриб чиқилмоқда. Бу банк карталари билан боғлиқ шубҳали (фрод) операцияларнинг олдини олиш, фирибгарлик схемаларида жисмоний шахсларга тегишли ҳисобварақлар ва банк карталари иштирокини камайтириш мақсадида қилинаётгани айтилди. Бунда ушбу талаб чет эл валютасида очилган банк карталарига нисбатан татбиқ этилмаслиги кўзда тутилмоқда.
Бугунги кунда банк карталарига эга жисмоний шахсларнинг қарийб 97 фоизида (22 млнта) 5 тагача, 3 фоиз (770 мингта) жисмоний шахсда 5-20 гача ҳамда 0,03 фоизда ёки 7 мингта жисмоний шахсда 20 тадан ошиқ карталар расмийлаштирилган.
Жисмоний шахслар номига кўп миқдорда очилган банк карталарининг бир қисмидан фирибгарлик мақсадларида фойдаланилаётганлиги аниқланган. Бундай ҳолатларнинг аксариятида карта эгасининг хабари бўлмайди.
Марказий банк бу борада вазиятни мунтазам кузатиб боришини маълум қилди. Шунингдек, ушбу талаблар тўлиқ тайёр бўлгандан кейин журналистлар ва кенг жамоатчилик муҳокамасига ҳавола қилиниши қайд этилди.