Бугун, 29 ноябрь куни Aхборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Бизнесни ривожлантириш банкининг тадбиркорликка ўқитиш лойиҳалари” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда банк Бошқаруви раҳбарияти, таркибий тузилмалар масъул ходимлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Фото: Бизнесни ривожлантириш банки
Қайд этилишича, Ўзбекистон Президентининг Сурхондарё вилоятига ташрифида берилган топшириқлар бўйича тузилган йиғилиш баённомасида ҳамда 2024 йил 7 сентябрдаги ПҚ-312 сонли қарорида халқаро ва маҳаллий экспертларни жалб қилган ҳолда ўсиш ва ривожланиш салоҳиятига эга бўлган тадбиркорлар фаолиятига кўмак бериш, ҳамроҳлик қилиш бўйича менторлар ёки етакчи тадбиркорлар гуруҳини шакллантириш белгиланган. Бунда йил якунига қадар 24 та менторлар фаолиятини йўлга қўйиш бўйича топшириқлар берилган.
Топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида, жорий йилда Бизнесни ривожлантириш банки, жамғарма ҳамда Ямагата Университети ўқув маркази томонидан шартномалар тузилгани маълум қилинди. Шартнома 3 босқичда амалга оширилиши белгиланган. Бунда:
1-босқич: Инновацион безнесни бошлаш дастурини ишлаб чиқиш;
2-босқич: Тадбиркорларни онлайн, офлайн тарзда ўқитиш, менторларни саралаш ва тайёрлаш дастури;
3-босқич: Банк ходимларини ўқитиш.
Фото: Бизнесни ривожлантириш банки
Шартномага кўра, Ямагата унивеситети профессорлари томонидан 17 турдаги видео материаллар, 16 та презентация ва 50 та саволдан таркиб топган тест саволлари дастури ишлаб чиқилган. Профессорлар томонидан Республиканинг ҳудудлари бўлиб олиниб, тадбиркорлар билан учрашув ўтказилган,150 нафар фаол тадбиркорлар билан ўқув курслари ташкил этилган.
Ўқув курслари Япониянинг “u-hope” дастурини ўз ичига олган. Бунда, Япониянинг Ямагата университети профессорлари томонидан тайёрланган 10 турдаги видеоролик шаклида дарслик ҳамда 6 та турдаги “кейс амалиёт”ларини ўз ичига олган.
“Бугунги кунда, ушбу ўқув дастурига тадбиркорлар томонидан қизиқишлар ортиб бормоқда. Ҳозирда дастурга 11 минг нафардан ортиқ тадбиркорлар қизиқиш билдирди, 2 минг нафардан ортиқ ўқиш жараёнлари бошланди, 500 нафарга яқин тадбиркорлар сертификат эгалари бўлди” дея таъкидланди анжуманда.
Фото: Бизнесни ривожлантириш банки
Япония томонининг мутахассислари ўқув дастурлари жараёнида муваффақиятли қатнашган тингловчилардан 24 нафар менторларни саралаб олишган. Сараланган тингловчилар дастлаб Ўзбекистонда, кейинги навбатда Япониянинг Ямагата университетида ўз малакасини ошириб, ҳалқаро сертификатга эга бўлгани қайд этилди.
“Менторларнинг Японияга сафари билан боғлиқ ҳаражатлар Марказлар томонидан қоплаб берилди, шунингдек, ўзаро тузилган шартномаларга асосан ҳар бир ментор томонидан жами 296 нафар тренерларни тайёрлаш мажбурияти юклатилди. Жорий йилнинг 18 ноябридан бошлаб барча ҳудудларда тренерларни ўқитиш жараёнлари бошлаб юборилди”, деди банк вакиллари.
Фото: Бизнесни ривожлантириш банки
Қайд этилишича, ҳозирда ўқув жараёнлари офлайн ва онлайн шаклда амалга оширилмоқда. Бунда, жараёнларни ёритиш мақсадида оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Дастлабки ўқув курсларида 300 нафарга яқин тренерларга якуни билан номзодларга сертификатлар тақдим этилади ва уларга тадбиркорлик фаолияти учун имтиёзлар берилиши таъминланади. Бу соҳада менторлар ва тренерлар томонидан келгусида ишларни давом эттиш, тадбиркорларни ўз қизиқишларидан келиб чиқиб, кенгайтирилган аудиторияларда ўқувлар ташкил этиш режалаштирилган.
Шунингдек, матбуот анжумани давомида ОАВ вакиллари ва журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.