Октябрь ойида жисмоний шахслар учун кредит ва депозитларнинг ўртача фоиз ставкалари ошди

27.11.2024 11:42

297

Timer  png5 дақиқада ўқилади
Миллий валютадаги муддатли депозитлар ва кредитлар бўйича ўртача фоиз ставкаси 0,1 бандга юқорилади

Фото: Bankers.uz

Марказий банк маълумотларига кўра, октябрь ойида жисмоний шахсларнинг миллий валютадаги муддатли депозитлари бўйича ўртача фоиз ставкаси 0,1 бандга юқорилаб 22,1 фоизни ташкил қилди. Охирги марта 22,1 фоизлик кўрсаткич июль ойида кузатилган эди. Шундан сўнг август ва cентябрь ойларида ставка 0,1 бандга пастлаб, 22,0 фоиз даражасида қолди. Октябрь ойига келиб, ставка яна кўтарилди ва омонатлар бўйича ўртача ставкалар очиқланаётган давр учун энг юқори кўрсаткични қайд этди.

Аҳолига ажратилаётган кредитларнинг ўртача фоиз ставкаси ҳам октябрда ўтган ойга нисбатан 0,1 фоизга юқорилаган ва ўртача 23,9 фоизни ташкил этган. Шундай бўлса-да, кредит фоизлари йил бошидан бери пасайишда давом этмоқда. 2024 йил январь ойида ўртача тортилган кредит фоиз ставкалари 25,1 фоизни ташкил этган эди. Январь ойидан октябргача бўлган давр мобайнида ўртача кредит фоиз ставкаси 1,2 бандга, ўтган йилнинг октябрь ойига нисбатан 0,5 бандга пасайган.

Фото: Марказий банк

Чет эл валютасидаги кредитлар ва омонатлар

Жисмоний шахслар учун чет эл валютасидаги банк депозитлари фоиз ставкаси йил ўрталаридаги 5,5 фоизлик кўтарилишдан кейин пасайишда давом этмоқда. Октябрда депозитларнинг ўртача фоиз ставкаси 4,8 фоизни ташкил этди. Йил бошида бу кўрсаткич 4,7 фоизга тенг бўлган эди.

Фото: Марказий банк

Хорижий валютадаги қисқа муддатли кредит фоизларида тушиш кузатилган. Октябрда ставка сентябрдагидан 1,1 бандга пасайиб, 10,3 фоизни қайд этди. Узоқ муддатли кредит фоизи эса октябрда 10,0 фоизни ҳосил қилди. Узоқ ва қисқа муддатли кредитлар бўйича фоиз ставкаларининг ҳар иккисида йил бошига нисбатан кўтарилиш кузатилмоқда.



Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган