Фото: КП.ру
Тошкент шаҳрида қалбаки 1400 АҚШ долларини банкоматдан алмаштирган шахслар ушланди. Бу ҳақида Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Хабарда келтирилишича, Ипак Йўли банки Чилонзор филиалининг мурожаатига асосан департамент томонидан терговга қадар текширув ўтказилган. Унда фуқаролар Т.Т. (муқаддам судланган), Н.О., ва А.Ш. Ипак Йўли банки филиалига тегишли банкоматдан жами 28 дона 50 АҚШ долларлик қалбаки купюраларни миллий валюта сўмга айирбошлаб олганликлари аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилаётгани маълум қилинди.