Фото: Трастбанк
Жорий йилнинг 26 ноябрь куни “Трастбанк” ХАБ Бошқаруви Раиси С.Нормухамедов бошчилигидаги делегация аъзолари Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида Хусусий секторни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси (ХСРИК) мутасаддилари билан учрашди. Учрашув доирасида Трастбанк ва ХСРИК ўртасида 30 млн АҚШ доллари миқдоридаги икки томонлама битимни имзолаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Трастбанк ахборот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, ушбу битим икки муассасанинг ўзаро ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқади. Унга кўра, Ўзбекистондаги кичик ва ўрта бизнес учун истиқболли лойиҳаларни шариат қоидаларига мувофиқ молиялаштириш изчил давом эттирилади.
Фото: Трастбанк
ХСРИК ва Трастбанк хусусий акциядорлик банки ўртасида ҳамкорлик алоқалари 2018 йилда йўлга қўйилган эди. Унинг доирасида ХСРИК томонидан Трастбанкга 7 миллион АҚШ доллари миқдорида дастлабки молиялаштириш линияси ажратилган. Бугунги кунга келиб, Трастбанк учун ХСРИК томонидан ажратилган маблағларнинг умумий ҳажми 37 миллион АҚШ долларини ташкил этади.
Маълумот ўрнида, Трастбанкнинг ХСРИК ва Халқаро ислом савдо-молия корпорацияси билан имзолаган 64 млн АҚШ доллари миқдоридаги 6 та келишув доирасида Ўзбекистонлаги кичик ва ўрта бизнес субъектларининг жами 97 та лойиҳаси молиялаштирилган. Ушбу маблағлар текстиль, фармацевтика, умумий овқатланиш, хизмат кўрсатиш, электромобиллар савдоси ва бошқа йўналишларга йўналтириб келинмоқда.