Fitch Ratings Ўзмиллийбанкнинг барқарорлик рейтингини “b+” даражасига оширди

20.11.2024 07:10

391

Эмитентнинг хорижий ва миллий валюталардаги узоқ муддатли дефолт рейтинги “Барқарор” прогнози билан “BB-” даражасида тасдиқланди

Фото: Bankers.uz

Fitch Ratings халқаро рейтинг агентлиги “Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки” АЖнинг барқарорлик рейтингини “b” дан "b+" даражасига кўтарди. Эмитентнинг хорижий ва миллий валюталардаги узоқ муддатли дефолт рейтинги “Барқарор” прогнози билан “BB-” даражасида тасдиқланди.

Агентлик таҳлилий ҳисоботида қайд этилишича, рейтингнинг оширилиши банк фаолиятининг бизнес жараёнларини кучайтириш ва фаолиятини диверсификация қилишга қаратилган муваффақиятли трансформацияси натижасида бўлган.

Рейтинг агентлигининг қарорига таъсир қилган асосий жиҳатларни қуйидагилар ташкил этди:

  • бизнес жараёнларини бошқаришга замонавий ёндашувларни муваффақиятли жорий этиш, бу эса операцион самарадорликни оширишга имконият яратди;
  • тижоратга йўналтирилган фаолият йўналишларини, жумладан кичик ва ўрта бизнес, хусусий сектор ва чакана кредитлашни ривожлантиришга эътибор қаратилди;
  • активлар сифатини тизимли равишда яхшилаш ва капитализациянинг барқарорлигини таъминлаш.

Трансформацияни қўллаб-қувватлаш ва янги бизнес-стратегия

Банк хизматлар диверсификацияланган портфелини фаол ривожлантирмоқда: давлат корхоналари улуши камайиб бормоқда, бу эса кичик ва ўрта бизнес ҳамда чакана хизматлар сегментларида кредитлашнинг кўпайиши билан бирга олиб борилмоқда. Ўзмиллийбанк 2023 йилда даромадларининг ижобий динамикасига эришди, жумладан валюта операциялари бўйича тушумларнинг сезиларли ўсишини кўрсатди.

Давлат қўллаб-қувватлаши банкнинг стратегик ташаббусларини амалга оширишда муҳим рол ўйнайди, бироқ ўзгаришларнинг асосий омили инновацияларга урғу бериш ва мижозга йўналтирилган ёндашувга қайта йўналтиришдир. Бу нафақат бозордаги мавқени мустаҳкамлашга, балки халқаро рейтинг агентликларининг ишончини ошириш имконини берди.

Рейтинг оширилишининг аҳамияти

Fitch агентлигининг қарори Ўзмиллийбанкнинг ишончлилигини ҳамда унинг Ўзбекистон иқтисодий ривожланишидаги етакчи ўрнини тасдиқлади. Бу эса, банкнинг инвестициявий ва инфратузилмавий лойиҳаларини амалга ошириш, бизнесни ривожлантириш, янги иш ўринларини яратиш ва мамлакатнинг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлашга қўшган ҳиссасини таъкидлайди.

Теглар:

#ўзмиллийбанк

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган