Фото: Банк матбуот хизмати
Жорий йилнинг 14 сентябрь куни Тошкентда Ўзсаноатқурилишбанкка Халқаро молия корпорацияси (ХМК)нинг 75 млн. АҚШ долларлик кредитини ажратиш тўғрисида Келишув имзолаш маросими ўтказилди.
Халқаро молия корпорациясининг иқлимга оид молиялаштириш ҳамда кичик ва ўрта корхоналарни кредитлашни кенгайтиришга йўналтирилган кредити банкнинг хусусийлашув жараёнини қўллаб-қувватлайди. ХМКнинг ўзбек сўмида номиналланган молиялаштируви банкка бозорда COVID-19 пандемияси сабабли чекланиб қолган миллий валютадаги узоқ муддатли молиялаштиришга йўл очади ҳамда корпорация маблағларини банк акцияларига конвертациялаш имконияти билан молия муассасаси трансформациясига кўмак беради.
Маблағларнинг бир қисми кичик ва ўрта корхоналарни кредитлашга йўналтирилади, 50 фоизи эса, иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ «яшил» лойиҳаларни молиялаштиришда фойдаланилади. Бу, ўз навбатида, банкка «Green Banking» дастурини кенгайтириш имконини беради.
Ушбу келишув томонлар ўртасидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 майдаги «2020-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида»ги фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 мартдаги «Ўзсаноатқурилишбанк» акциядорлик тижорат банкини халқаро молия корпорацияси иштирокида хусусийлаштириш ва трансформация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ амалга оширилаётган ишларнинг мантиқий давоми бўлди.
Таъкидлаш керакки, ушбу ҳужжатларда Ўзбекистон Республикаси банк секторини, давлат улушига эга тижорат банкларини комплекс трансформациялаш, банк ишининг замонавий стандартлари, ахборот технологиялари ва дастурий маҳсулотларини жорий этиш, банклар акцияларининг давлат пакетини танлов асосида тегишли тажриба ва билимга эга бўлган инвесторларга сотиш, шунингдек, давлат улушига эга тижорат банклари ва корхоналарда параллель равишда ислоҳот ўтказиш йўли орқали ислоҳ қилиш зарурати қўрсатилган.
– ХМК Ўзбекистоннинг молия секторига хусусий инвестицияларни жалб этиш борасидаги қатъиятини қўллаб-қувватлайди, – дейди Халқаро молия корпорациясининг ижрочи директори Махтар Диоп. – Бизнинг молиялаштирувимиз Ўзсаноатқурилишбанкка хусусийлаштиришга тайёрланиш ҳамда кичик ва ўрта бизнес корхоналарини молиявий қўллаб-қувватлаш, яшил молиялаштириш соҳасидаги стандартларни яратувчи банкка айланишида кўмаклашишга йўналтирилган. Шунингдек, мазкур ташаббус ХМКнинг Ўзбекистонга иқлим соҳасидаги мақсадларига эришиш ҳамда яшил ва барқарор келажакни қуришда кўмаклашиш учун инвестицияларни рағбатлантириш, имкониятларни жалб этиш йўли орқали яшил ўсишни қўллаб-қувватлаш стратегиясига тўлиқ мос келади.
– Ўзбек сўмида номиналланган ХМК маблағлари, банкнинг миллий валютадаги инвестиция лойиҳаларини кредитлаш имкониятларини кенгайтиради, унинг кредит портфелидаги хорижий валютадаги кредитлар улушини камайтириш бўйича ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди, шунингдек, банкнинг хусусийлаштиришга тайёргарлик бўйича жараёнидаги мақсадларига эришишга ёрдам беради, – деди Ўзсаноатқурилишбанк бошқаруви раиси Сахи Аннакличев. – ХМК маблағлари кичик ва ўрта бизнесни кредитлашга, шунингдек, яшил лойиҳаларни молиялаштиришга йўналтирилиши режалаштирилган.
Маълумот ўрнида:
Ўзсаноатқурилишбанк 2018 йилдан бошлаб Халқаро молия корпорацияси билан банк корпоратив бошқарув тизимини такомиллаштириш, операцияларни тижорийлаштириш, рискларни бошқариш тизимини такомиллаштириш йўллари орқали хусусийлаштиришга тайёрланиш масалалари бўйича яқиндан ҳамкорлик қилиб келади.
Корпорация кўмагида амалга оширилган Банк диагностикаси натижалари асосида Бизнесни ривожлантиришнинг мижозга йўналтирилган модели ишлаб чиқилди. Ҳозирги вақтда Банк томонидан трансформациянинг учинчи босқичи – янги бизнес-моделни АКТ тизими ва тегишли инфратузилмани янгилаш воситасида жорий этиш ишлари амалга оширилмоқда. Ушбу жараён Бухоро минтақавий филиали ва унинг тегишли филиалларида синов тартибида ишга туширилди. Уни шу йилнинг сўнгига қадар барча филиалларга босқичма-босқич жорий қилиш давом эттирилади.
Шунингдек, жорий йилнинг июнь ойида Молия вазирлиги, Ўзсаноатқурилишбанк ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки ўртасида Ўзсаноатқурилишбанкдаги трансформация жараёнларини қўллаб-қувватлаш мақсадида банк капиталига конвертациялаш имконияти билан кредит линиясини тақдим этишни кўзда тутувчи мандат хатини имзолаш маросими бўлиб ўтган эди.
Банк Ахборот хизмати
Тасодифий хабарлар
Трастбанкда карталарни очиш - бепул!
Оҳангаронда банкоматни тунамоқчи бўлган шахс қўлга тушди
Ўзмиллийбанк Хитой давлат тараққиёт банкидан 2 млрд юань кредит линияси жалб қилмоқда