Фото: Ипотека банк
Ўзбекистондаги энг йирик банклардан бири Ипотека банк Марказий Осиёда банк секторини рақамлаштириш бўйича етакчи компания ─ U-BSS билан ҳамкорликда банк мобил иловаси функцияларини кенгайтирди. Янгиланган илова банк мижозлари учун бир қанча қулайликларни ўз ичига олади.
Биринчи муҳим ўзгариш ─ кредит суғуртаси имконияти
Энди мижозлар илова орқали ўз кредитлари бўйича суғуртани осонгина олишлари мумкин. Ушбу хизмат иш жойидан маҳрум бўлиш, фавқулодда вазиятлар ёки меҳнатга лаёқатсизлик каби молиявий хавфлардан ҳимоя қилади. Агар юқоридаги нохуш ҳодисалардан бири рўй берса, мижоз зарур тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этган ҳолда кредитни тўлашдан озод қилинади.
Иккинчи муҳим ўзгариш ─ паспорт маълумотларини янгилаш
Илованинг паспорт маълумотлари эскирганлиги тўғрисидаги эслатма фойдаланувчиларга маълумотларни ўз вақтида ва хавфсиз тарзда янгилаш ҳамда банк хизматларидан фойдаланишда юзага келиши мумкин бўлган муаммоларнинг олдини олиш имконини беради. Бунда банк офисига келишнинг ҳожати бўлмайди.
“Киритилган ўзгаришлар банк мобил иловасини Ўзбекистондаги энг яхши мобил банклардан бирига айлантириш йўлидаги яна бир қадамдир. Биз мижозларимизнинг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда улар учун ишончли ва қулай ҳамкор бўлишга ҳаракат қиляпмиз”, дея таъкидлади Ипотека банк Рақамли банкинг ва бизнес жараёнлари дирекцияси директори Шоҳрух Бобоев.
Ипотека банк Ўзбекистондаги етакчи банк муассасаси ва 2023 йилнинг июнь ойидан эътиборан халқаро ОТP гуруҳи аъзоси ҳисобланади. Банк Ўзбекистондаги 39 та филиали ва 122 та банк хизматлари марказлари орқали 1,7 миллиондан ортиқ корпоратив ва чакана мижозларга хизмат кўрсатмоқда. Ипотека банк юридик ва жисмоний шахслардан омонатларни қабул қилиш, кредит ажратиш, Ўзбекистон бўйлаб ва хорижга пул маблағларини ўтказиш каби хизматларни кўрсатади.
U-BSS Марказий Осиёдаги етакчи тизим интегратори ва бизнес ҳамкори ҳисобланади. Компания масофавий банк тизимлари ва нутқ технологиялари (чат ботлари, овозли ёрдамчилар, чиқувчи алоқаларни автоматлаштириш, нутқ таҳлили, овозли биометрика, билимлар базаси ва оператор промптер) ёрдамида мижозларга хизмат кўрсатишни рақамлаштириш бўйича ечимларни таклиф этади. U-BSS шунингдек, 1C маҳсулотлари учун аутстаффинг ва амалга ошириш хизматларини таклиф қилади.
“Биз яратган мобил илова ўз тоифасида энг яхшиси бўлишини таъминлашга интиламиз. Янги функцияларни қўшиш бизга фойдаланувчиларимиз эҳтиёжларини қондириш ва тез ўзгарувчан бозор талабларига мослашиш имконини беради. Ишончимиз комилки, ривожланиш орқали мижозларимизга энг ишончли ва қулай ечимни таклиф қиламиз. Бизнинг мижозларимиз ҳар доим бир қадам олдинда бўлади", дейди U-BSS халқаро ривожланиш маркази директори Евгений Пономарев.
Компаниянинг Европа ва Осиёда банк, давлат сектори, суғурта, телекоммуникация, чакана савдо ва тиббиёт соҳаларидаги корпорацияларга ўзларининг инновацион имиджини яхшилаш, фойда ва рақобатбардошлигини ошириш, рақамлаштириш, жараёнларни автоматлаштиришда ёрдам беради.
Тасодифий хабарлар
Асакабанк ходими Капиталбанк Бошқарув раисининг ўринбосари этиб тайинланмоқда
Июнь ойида ҳам Марказий банк 11 та банкка жарима санкциясини қўллади
3 кунлик ўсишдан кейин доллар курси пасайди