Фото: Bloomberg
АҚШ Федерал Захира Тизими (мамлакат Марказий банки — таҳр.) раиси Жером Пауэлл АҚШнинг яқинда сайланган президенти Дональд Трамп ундан истеъфога чиқишини сўраган тақдирда ҳам ишдан кетмаслигини, шунингдек, Трампнинг қайта сайланиши Федерал Захира сиёсатига яқин келажакда таъсир қилмаслигини айтди. Пауэлл бу ҳақда 7 ноябрь куни ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилган.
АҚШ Марказий банки раиси яқинда сайланган президент Трамп ундан кетишини сўраса, истеъфога чиқадими, деб сўралган саволга Пауэлл бир сўз билан “Йўқ” деб жавоб берди.
Шунингдек, агар у кетишдан бош тортса, жаноб Трамп ФРЗ раҳбарини ишдан бўшатиши ёки лавозимини пасайтириши мумкинми, деган саволга ҳам Пауэлл яна худди ўша жавобни қайтарди: “Йўқ”.
Жером Пауэллни 2018 йилда Трампнинг ўзи мазкур лавозимга тайинлаган эди. Аммо кейинроқ президентнинг фоиз ставкаларини пасайтириш ҳақидаги чақириқларига қаршилик кўрсатгани учун Трамп билан Пауэлл муносабатларига путур етди. “The New York Times” нашрининг ёзишича, Трамп регулятор раисини ишдан бўшатиш ёки лавозимини пасайтириш ҳақида ўйлаган, бироқ унинг маслаҳатчилари буни амалга ошириш қийин, деган хулосага келган.
“Бу саволнинг сабаби бор – Трампнинг кўпгина маслаҳатчилари ва сиёсий ҳамфикрлари, жумладан, Сенат етакчилигини қўлга киритмоқчи бўлган сенатор Майк Ли ва албатта, Илон Маскга кўра, Федерал Захира тизими президентдан мустақил бўлиши яхши эмас. Менимча, Трамп президентлигининг иккинчи қисмида айнан шу нарса – президентдан мустақил ишлайдиган институтларнинг кучи ва эркинлиги синалади. Чунки конгресс ва сенат ҳам республикачилар қўлида, демак, қонуний ўзгаришларга имконият кенг, ҳатто Олий суд ҳам тўсқин бўла олмаслиги мумкин, деб ёзди иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов.
Вазифасини тарк этганидан бери Трамп Пауэллни танқид қилишда давом этди, бу эса Трамп ҳокимиятга қайтганидан сўнг мамлакат Бош банки раисини ишдан бўшатишга яна уриниб кўриши ёки уни истеъфога чиқишга мажбурлаши мумкинлиги тўғрисида тахминларга сабаб бўлди. Пауэлл эса раислик муддати тугагунига қадар (2026 йил май ойида) Трампнинг уни четлатиш ҳуқуқига эга эмаслигини таъкидлади.