"Ягона умумреспублика процессинг маркази" АЖ (UZCARD тўлов тизими) 2024 йилнинг тўққиз ойида 661,45 млрд сўм соф фойда олди. Бу ҳақда компания ўзининг молиявий ҳисоботида эълон қилди. Ушбу молиявий кўрсаткич ўтган йилнинг айни шу даврига нисбатан 32,7 фоизга ёки 162,7 млрд сўмга кўпроқдир.
Маълумот учун, UZCARD нинг 2023 йилдаги соф фойдаси 636 млрд сўмни ташкил қилганди.
Инфографика: Bankers.uz
Тўлов тизимнинг активлари йил бошига (536,8 млрд сўм) нисбатан 15,8 фоизга ошиб, 621,6 млрд сўмга тенг бўлган. Компания капиталида эса пасайиш кузатилди. Хусусан, капитал кўрсаткичлари йил бошига нисбатан 9,5 фоизга камайди ҳамда 219,5 млрд сўмни ташкил қилди. 1 январь ҳолатида мазкур кўрсаткич қарийб 464 млрд сўм бўлгани қайд этилган.
Бундан ташқари, компаниянинг мажбуриятлари йил бошига (72,8 млрд сўм) нисбатан 129,2 млрд сўмга ёки 177 фоизга ошган ҳолда 202 млрд сўмдан зиёдроқни ташкил этди.
Шу билан бирга, тўлов тизимининг ялпи фойдаси 795,1 млрд сўмга етди, бу 2023 йилнинг мос даврига нисбатан 219 млрд сўмга кўпроқ ҳисобланади. Компания тўққиз ойда давлатга 4,6 млрд сўмдан ортиқ солиқ тўлаган, 2023 йилнинг тўққиз ойига қараганда бу уч баробардан зиёдроқдир.
Эслатиб ўтамиз, август ойида "Ягона умумреспублика процессинг маркази" АЖ бошқарувини хусусий "UCMG" МЧЖга топширилганди. 2022 йилдан компания бош директори лавозимида ишлаб келаётган Олимжон Зокиров ижрочи директор этиб тайинланганди. Bankers.uz Олимжон Зокиров билан эксклюзив суҳбат ташкил қилганди.