Фото: Bankers.uz
"Миллий банклараро процессинг маркази" АЖ (HUMO тўлов тизими) бошқаруви раиси Шухрат Курбановнинг айтишича, UZCARD ва HUMO терминалларини интеграция қилиш бўйича синов лойиҳаси бошланган ва давом этмоқда. Унинг таъкидлашича, синов натижаларига қараб интеграция ишлари бутун Ўзбекистон бўйича татбиқ этилади. Бу ҳақда Ш.Қурбонов 24 октябрь куни бўлиб ўтган UZCARD FORUM-2024 тадбирида Bankers.uz нашрига маълум қилди.
“Терминаллар интеграцияси бўйича лойиҳа бошланган. Битта нарсани айтиш керак, йигирма йил давомида UZCARD ўз йўналишида, биз (HUMO - таҳр) беш йил давомида ўз йўналишимизда ҳар хил технология, ҳар хил базани инобатга олиб, иш бошлаганмиз. Иккита тизимни банкоматлар мисолида интеграция қилиш осонроқ бўлди. Чунки банкоматлар сони унчалик ҳам кўп эмас. Терминаллар сони UZCARDʻда 200 мингта, бизда 200 мингта, бу сал оғирроқ жараён”, — деди МБПМ бошқаруви раиси.
Курбановнинг сўзларига кўра, интеграциялаш бўйича синов лойиҳа бошланган. Бугунги кунгача лойиҳа доирасида 3 мингга яқин терминал интеграция қилиниб, ишлатилиняпти. Лекин бу ҳозирча синов тариқасида экани қайд этилди. Унинг асосий мақсади терминаллардан фойдаланиш чоғида юзага келадиган муаммоларнинг олдини олиш ва ўрганиш ҳисобланади.
“Синов жараёнлари ҳали давом этяпти, тугагани йўқ. Лойиҳа якунланганидан сўнг, унинг натижаларига қараб, қанақадир ўзгаришлар қилишга тўғри келади. Проектни текшириб, эртага тадбиркорларга зиён етмаслигини аниқлаштирганимиздан кейин бу лойиҳани бутун Ўзбекистон бўйлаб амалиётга татбиқ этса бўлади. Ҳозирча натижалар ҳақида айтишга сал эртароқ, чунки бунда одамларнинг картадаги пуллари, тадбиркорларнинг ҳисобрақамига келадиган пулларига таъсир қиладиган факторлар кўп”, - дея таъкидлади Шуҳрат Курбанов.
Тасодифий хабарлар
Трастбанк 30 йиллигини нишонламоқда
ЕТТБ Ўзбекистоннинг 4 та банкига 210 млн. доллар кредит линияси ажратади
"Ипак Йўли" банки Халқаро молия корпорацияси томонидан тақдирланди