Президент шартномавий муносабатларни тубдан такомиллаштириш юзасидан фармонни имзолади

Ўзбекистон Республикаси Прездиенти Ш.Мирзиёев "Шартномавий муносабатларни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонни имзолади.

Фармонда фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларни янада такомиллаштириш, айрим шартномаларни тузишда ўрнатилган сунъий чекловларни олиб ташлаш, шунингдек, шартномавий муносабатларда ахборот тизимларидан фойдаланиш борасида қатор янгиликлар ва енгилликлар киритилган.

Ҳужжатга асосан, 2021 йилнинг 1 декабридан:

  • тижорат банкларига етказиб берилган маҳсулот (бажарилган ишлар, кўрсатилган хизматлар) учун тўловларни учинчи шахслар ҳисобидан қабул қилишга қўйилган тақиқ;
  • давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган хўжалик юритувчи субъектларнинг маҳсулотларни етказиб бериш (ишларни бажариш, хизматларни кўрсатиш) тўғрисида тузиладиган шартномаларида мажбурий равишда олдиндан тўловни белгилашга доир талаб;
  • -қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик маҳсулотлари етиштирувчилари ва тайёрлов ташкилотлари ўртасида тузиладиган шартномаларда мажбурий равишда авансни белгилашга доир талаблар бекор қилинмоқда. 

Қолаверса, фармон билан жисмоний шахсларга қарз шартномаларини нотариал тасдиқлаш орқали чет эл валютасида ўзаро қарз бериш ва қайтариб олишга рухсат берилди.

Бундан ташқари, 2022 йил 1 январдан, мол-мулкни реализация қилиш бўйича электрон онлайн аукционда сотувга қўйилган мол-мулк уни сотишдан тушган пул маблағлари ҳисобидан аукцион ғолибига қарзларсиз ва тақиқлардан ечилган ҳолда топширилади. Бунда, мол-мулкни сотишдан тушган пул маблағлари етарли бўлмаганда қарздорликни тўлаш мажбурияти унинг собиқ эгаси – қарздор зиммасида қолади. 

Эндиликда, аукционларда, аукцион ғолиби томонидан мулкни қабул қилиб олмасликнинг қуйидаги ҳолларида закалат пули аукцион ғолиби мурожаат қилган кундан бошлаб уч иш куни ичида қайтариб берилиши шарт қилиб белгиланади, агар:

  • аукционда сотилган мол-мулк аукцион объектининг кўрсатилган техник тавсифларига мос келмаса;
  • мол-мулк аукционда сотилгунга қадар учинчи шахсларнинг эгалигига ўтиб кетган бўлса ва бу ҳолат аукцион якунланганидан сўнг аниқланса;

Хўжалик юритувчи субъектлар томонидан давлат харидлари билан боғлиқ тузиладиган шартномаларда мажбурий равишда коррупцияга қарши қўшимча шартлар белгиланади. Шартноманинг тарафи ва у томонидан жалб қилинган шахслар томонидан коррупцияга қарши қўшимча шартларга риоя этилмаганда, иккинчи тараф шартномани бир тарафлама тўхтатиб туришга, бекор қилишга ҳамда зарарни қоплаб беришни талаб қилишга ҳақли бўлади;

Бундан ташқари, юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан солиқ ва божхона тўловлари бўйича қарздорлик тўланмаганда, солиқ ёки божхона органлари банкка тўловчининг ҳисобварақларидаги қарздорлик суммасига тенг миқдордаги пул маблағларини музлатиб қўйиш ва уларни ўттиз календарь кунидан сўнг ундириш тўғрисидаги фармойишни бу ҳақда тўловчини хабардор қилган ҳолда юборади.

Шу билан бирга, Адлия вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Марказий банк ва Савдо-саноат палатасининг электрон тижоратда электрон савдо майдончалари орқали маҳсулотлар олди-сотдиси амалга оширилаётганда ва бошқа соҳаларда битимлар тузишда эскроу тизимини жорий этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларида ўқитиш бўйича шартномаларнинг ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда электрон шаклда тузилиши амалиётини йўлга қўйилади.

Адлия вазирлиги, уч ой муддатда шартномалар намуналарини “yurxizmat.uz” махсус ахборот порталига жойлаштирсин ва уларни қонунчиликка киритиладиган ўзгартиришлардан келиб чиқиб назорат ҳолатида юритилиши белгиланди.

×