Бизнесни ривожлантириш банки Қашқадарё вилоятига пресс-тур уюштирди

Бизнесни ривожлантириш банки Қашқадарё вилоятига пресс-тур уюштирди

Бизнесни ривожлантириш банки жорий йилнинг 24-25 октябрь кунлари Қашқадарё вилоятига пресс-тур уюштирди. Пресс-турнинг дастлабки кунида ОАВ вакилларига банкдан молиявий кўмак олган Яккабоғ туманидаги тадбиркорлик объектлари таништирилди.

“INVEST FINANS GOLD MEGA MALL” МЧЖ

“INVEST FINANS GOLD MEGA MALL” МЧЖ савдо мажмуаси бўлиб, супермаркет, ресторан, болалар ўйин майдончаси, караоке каби хизматларни йўлга қўйган. Мазкур лойиҳа учун банк томонидан ПҚ-306-сонли Қарор доирасида 2 млрд сўм миқдорида кредит ажратилган. Ушбу маблағлар ҳисобидан 25 та иш ўрни яратилган.

"Йиллик соф фойда ўртача ҳисобда 600 млн сўмга тенг. Олинган 2 млрд сўмлик кредит ҳам якунланиш арафасида. Яқин кунларда Бизнесни ривожлантириш банкидан яна кредит олиш ва бизнесимизни кенгайтириш ниятидамиз”, дейди МЧЖ раҳбари.

“Жажжи олмосчалар” НТМ

“Жажжи олмосчалар Яккабоғ туманининг Хўжаилғор МФЙ ҳудудида жойлашган нодавлат мактабгача таълим муассасаси бўлиб, унда ҳозирги кунда 150 дан ортиқ болалар тарбияланмоқда. Ушбу лойиҳани молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида, тадбиркорга банк томонидан ПҚ-306-сонли Қарор доирасида 500 млн сўм кредит ажратилган.

Мазкур кредит маблағлари ҳисобидан қўшимча боғча биноси қурилиб, жиҳозланган. Лойиҳанинг умумий қиймати 800 млн сўмни, ходимлар сони 23 тани ташкил этади.

“ШАХБОЗБEК ЛИДEР” МЧЖ

Яккабоғ тумани Чумич МФЙ ҳудудида жойлашган “ШАХБОЗБEК ЛИДEР” МЧЖ тиббий ускуналар сотиб олиш ва тиббий хизмат кўрсатишга ихтисослашган хусусий клиника. Клиникани жиҳозлаш ва тиббий ускуналар олиб келиш учун банк томонидан паст фоизда 405 330 АҚШ долларига тенг кредит ажратилган.

Клиникада айни пайтда 13 та доимий иш ўрни яратилган. Лойиҳа бир кунда 50-60 та мижозга хизмат кўрсатади.

Пресс-турнинг иккинчи куни Қарши БХО фаолияти билан танишишдан бошланди. ОАВ вакилларига банк фаолияти, мижозларга кўрсатилаётган хизматлар таништирилди.

“Қарши БХОга бир кунда 300 га яқин мижоз турли банк хизматларидан фойдаланиш учун келади. Хизмат сифатини яна-да яхшилаш мақсадида ходимлар фаолиятини мижозлар томонидан баҳолаш йўлга қўйилган. Доимий мижозларимизга қулайлик яратиш учун навбатларсиз яшил йўлак ташкил этилган”, дейди Қарши БХО бошқарувчиси ўринбосари.

Шундан сўнг, БРБ томонидан журналистлар ва тадбиркорлар иштирокида “Факторинг хизматлари бозори ва уни ривожлантириш истиқболлари” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди. Унда факторинг амалиётининг афзалликлари, иқтисодиёт учун фойдалари ҳақида маълумотлар берилди. 

Куннинг иккинчи қисмида ОАВ вакиллари БРБ таклиф этаётган банк хизматларидан фойдаланиб, ўз бизнесини йўлга қўйган тадбиркорлик объектлари билан танишди.

“NEW CLASS MEBEL” МЧЖ

“NEW CLASS MEBEL” МЧЖ турли хилдаги жиҳозлар ва мебеллар ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона. Ушбу лойиҳани қўллаб-қувватлаш мақсадида БРБ томонидан 1,8 млрд сўм кредит ажратилган.

“Илгари, 2019 йилдан 2021 йилгача 2-3 та ишчи кичикроқ жойда ишлаган бўлсак, ПҚ-306-сонли қарор доирасида кредит олиб, ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтирдик. Натижада, 22 та янги ишчи ўрни яратилди. Ходимлар маоши 4 млн сўмдан бошлаб 12 млн сўмгачани ташкил қилади”, дейди корхона таъсисчиси Мансур Чориев.

“MUHAMMAD-NUR” МЧЖ

Ушбу корхона болалар учун юмшоқ ўйинчоқлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Лойиҳа умумий қиймати 150 млн сўм бўлиб, шундан 100 млн сўми ПҚ-306-сонли Қарор доирасида ажратилган. Натижада, жами 14 та янги иш ўрни яратилган.

“GRAND AVTO CHEXOL” МЧЖ

Мазкур оилавий корхонада автомобилларга ғилоф ишлаб чиқарилади. 2021 йилдан фаолиятини бошлаган бу корхонада ҳозирда 12 нафар ходим меҳнат қилади.

“Опам билан бирга шу корхонани ташкил қилганмиз. Шу йилнинг феврал ойида Бизнесни ривожлантириш банкидан гаровсиз 100 млн сўмлик кредит олиб, янги ускуна сотиб олдик. Натижада меҳнат самарадорлиги ошди. Ойига ўртача ҳисобда 300-400 та автомашина ғилофларини ички бозорга етказиб беряпмиз”, дейди тадбиркор.

 



Теглар:
×