Асли ўзбекистонлик бўлган, ЕТТБ тизимида узоқ йиллар ишлаган Камола Маҳмудова вафот этди

Асли ўзбекистонлик бўлган, ЕТТБ тизимида узоқ йиллар ишлаган Камола Маҳмудова вафот этди

Фото: ЕТТБ

Асли Ўзбекистонлик бўлган, кўп йиллар Европа Тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) тизимида ишлаган Камола Маҳмудова Лондон шаҳрида вафот этди. Унинг вафотига саратон хасталиги сабаб бўлгани айтилмоқда. К.Маҳмудова Европа Тикланиш ва Тараққиёт Банкининг минтақадаги йирик лойиҳаларига раҳбарлик қилган, кейинчалик Озарбайжондаги ваколатхонаси директори лавозимигача кўтарилганди

Бундан роппа роса бир йил олдин Камола Маҳмудова хориждаги юртдошларимиз ҳақида ҳикоя қилувчи "Ўзбекистонлик" ҳужжатли фильмига ҳам интервью берган, суҳбатда у Тошкентда ўтган болалик ва ёшлик йиллари, ABN-AMRO банкдаги фаолияти ҳамда қандай қилиб ЕТТБга ишга кирганлиги ҳақида сўзлаб берганди.

Камола Маҳмудова ўзи чет элда яшаса ҳам, Ўзбекистонда бир қанча ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириб келган. Жумладан, Khan Academy таълим платформасини ўзбек тилида ишлаб чиқишга кўмаклашиш, саратон касаллигига чалинган болаларга ёрдам бериш ва Бухорода кўчат экиш ишлари Камоланинг саъй-ҳаракатлари билан амалга ошган. 2020 йилда Шавкат Мирзиёев уни "Дўстлик" ордени билан тақдирлаганди.

"Лондонда яшаб, Ўзбекистонда лойиҳаларни амалга оширишимга жисмоний чегаралар тўсқинлик қилмайди. Бухорода дарахт экиш, Нукусда кислород станцияларини қуриш, Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудида болаларга математикани ўргатиш мумкин. Географик жиҳатдан қаерда эканлигингиз муҳим эмас. Асосийси, юрагингиз Ўзбекистонда бўлсин", — деганди К.Маҳмудова ўз интервьюсида.

Камола Махмудованинг дафн маросими 27 сентябрь куни Лондонда бўлиб ўтади.

×