Фото: Банк-молия академияси
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Ўзбекистон банк тизими мутахассисларини ўқитишга (тренингга) бўлган эҳтиёжларини таҳлил қилиш бўйича тендер эълон қилди. Тегишли эълон Жаҳон банки сайтига жойлаштирилган. Жаҳон банки харидлар режасига (нусхаси таҳририятда мавжуд) кўра, ушбу тендер бюджети 900 минг АҚШ долларини ташкил қилади.
Ўзбекистон банк тизими мутахассисларининг тренинг эҳтиёжларини таҳлили Банк-молия академияси учун ўтказилмоқда. Таҳлил натижаларидан келиб чиқиб, академия банк-молия тизими ходимлари учун қисқа, ўрта муддатли курслар, тренинглар; банкларнинг топ менежменти учун корпоратив тренинглар ташкиллаштиради.
Тренинг эҳтиёжларини ўрганиш 2 йил давом этади ва бунда 2 нафар халқаро, 2 нафар маҳаллий мутахассис жалб этилади.
Талабгор консалтинг компаниялари учун соҳада камида 10 йиллик тажриба, банк мутахассислари ва тренерлари учун тренинг эҳтиёжларини таҳлил қилиш ва ўқув дастурларини ишлаб чиқиш бўйича камида 3 та муваффақиятли лойиҳа, бутун дунё бўйлаб банк ва молия бўйича камида 5 та қисқа муддатли курс ўқув дастурларини ишлаб чиққан ва амалга оширган бўлиши ҳамда халқаро сертификатлаш органлари билан ишлаш тажрибаси бўлиши каби талаблар қўйилган.
Тренинг эҳтиёжларини ўрганиш Халқаро тараққиёт уюшмасининг "Ўзбекистон молия секторини ислоҳ қилиш" лойиҳаси доирасида амалга оширилмоқда. 2022 йил бошланган ва 2027 йилнинг 30 июнига қадар давом этадиган лойиҳа қиймати 15 млн. АҚШ долларини ташкил қилади.
Маълумот учун: "Ўзбекистон молия секторини ислоҳ қилиш" лойиҳаси тўртта компонентдан иборат. Биринчи компонент давлат банкларини модернизация қилиш, тижоратлаштириш ва хусусийлаштиришга эътибор беради. Иккинчи компонент табиий офатларга молиявий тайёргарлик ва суғурта секторининг барқарорлигини мустаҳкамлаш; учинчи компонент экспорт ва савдони молиялаштириш воситаларига, тўртинчи компонент эса лойиҳани амалга ошириш ва бошқаришга қаратилган.
Тасодифий хабарлар
Тошкентда жами 4,4 млрд. сўм кредит маблағларини талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланди
Мадад Инвест банкка янги Бошқарув раиси тайинланди
Қишлоқ қурилиш банк 2021 йилга бағишланган матбуот анжумани ўтказди